— Қўй, сигир, товуқларга яхши қара! Товуқларнинг боши ердан, мол, қўйларнинг боши охурдан узилмасин! Ҳовли саҳнини тозалаб, ёғ тушса ялагудек қилиб қўй!
Хўжайин кетгач, Афанди товуқларни парвариш қила бошлади, ҳар қанча дон берса ҳам товуқлар уни еб бўлиб, дарҳол бошини ердан кўтарар эдилар. Аччиғланган Афанди товуқларни тутиб ҳаммасининг бошини узиб, ерга ташлади «мана, энди ердан кўтарилмайдиган бўлди» деди ўз-ўзига. У молхонага кириб, қўй, молларни парвариш қила бошлади. Аммо улар ҳам ем-хашакни еб бўлиб, бошларини охурдан кўтаришар эдилар. Афанди ҳайвонларнинг ҳам бошини кесиб, охурга ташлади ва «энди, охурдан кўтарилмайдиган бўлди», деди ўзича. Бу ишлардан бўшагач, ҳовлини супурди-да, бойнинг хумдаги ёғини эритиб ерга сепди. Ишларни саранжомлагач, энди дам олишга ўтирган эдики, бой қайтиб келди, аҳволни кўриб бақирди:
— Бу нима қилганинг, ҳаромзода!
— Хўжайин, топшириқларингизни жону дил билан бажардим, мана, молларнинг бошини охурдан, товуқларнинг бошини ердан узилмайдиган қилиб қўйдим. Ҳовлингизни шундай тозаладимки, ишонмасангиз, мана ёғ ҳам сепдим, ялаб кўрингчи,— деди Афанди