Подшо қаландар либосида йўлда кетаётган эди. Афанди бир дарахтнинг соясида ухлаб ётган экан. Подшо уни уйғотди.
— Ҳа, нима дейсан?! Нега менинг уйқумни буздинг деб дўқ қила бошлади Афанди.
— Биродар, сен яхши кишига ўхшайсан, бир нарса сўрамоқчи эдим, шуни айтиб бергин.
— Хушомаддан Афанди эриб кетиб, ҳовридан тушди:
— Қани, сўра-чи, нима демоқчисан?
— Бу мамлакатнинг подшоси золимми, одилми? Ростини айт.
— Э биродар, нимасини айтасан, у шундай қонхўр, золимки...— деб ёмонлаб кетувди, «қаландар» гапини бўлди:
— Мени танийсанми?
— Йўқ.
— Мен Подшо бўламан.
Афандининг баданига титроқ турди, лекин сир бой бермади:
— Мени танийсанми?
— Йўқ.
— Мен шу шаҳарнинг жинниларидан бўламан. Ҳар ойда уч кун жинни бўламан. Мана бугун жиннилигим бошланган кун.