Афандининг маҳалласидаги хасис бир бой қачон меҳмон келса, бир патнусда суви қочган патирни олиб чиқиб қўяр, уни ҳеч ким синдиролмаганидан яна бутунича олиб кириб кетар эди. Бир меҳмондорчиликдан кейин хизматкор бояги патирни ичкарига қайтариб олиб кетаётганда, остонага қоқилиб йиқилди-ю, патирни синдириб қўйди. Бой «оҳ» деб, ўзини ташлаб ҳушидан кета ёзди. Афанди дарров ўрнидан туриб, патирнинг синиқларини терди, уларни бойга узатиб тасалли берди:
— Ўзингизни босинг, бой бува, бунинг иложи осон: кўчанинг бошида қадоқчи ўтирибди, югуриб чиқсангиз, саккизта қадоқ билан патирингизни бутунлаб беради.