— Қаҳратон қиш куни подшо Афандини чақиртириб буюрди:
— Яланғоч, қасрнинг томига чиқиб, тонг отгунча турсангиз икки юз танга мукофот бераман!
Афанди шартга рози бўлиб, шом вақтида кийимларини ечди-да қаср томига чиқиб кетди. Совуқда қотиб қолмаслик учун у ўзи билан катта бир тошни олиб чиқиб, тонг отгунча тошни у ёқдан-бу ёққа юмалатиб чиқди.
Подшо ва аъёнлар Афандини совуқда қотиб ўлган деб ўйлаган эдилар, Афанди эса, эрталаб томдан соғ-саломат тушиб подшога таъзим қилди ҳамда ваъда қилинган тангаларнинг берилишини талаб қилди. подшо сўради:
— Мулла Насриддин, кечаси кўзингизга ўт кўринмадими?
— Тоғнинг тепасида йилтиллаган ўт кўринди,— деди Афанди.
— Шартни бузибсиз, ўша ўтга исингансиз, шунинг учун сизга танга берилмайди!—деди-да, подшо Афандини ҳайдаб чиқарди. Ёзда подшо вазири билан овдан қайтишда ниҳоятда чанқаб, чой ичиш учун Афандининг ховлисига келишди. Афанди улар олдига талқон қўйди ва дастурхонга қистай бошлади.
— Ташналикдан ўлар ҳолатга келдик, чой қайнатиб чиқинг,— буюрди подшо. Афанди «хўп бўлади» деди-да, уйига кириб кетиб, қайтиб чиқмади.
Подшо Афандининг орқасидан кириб қараса, у қумғонни узун ёғочга илиб қўйиб тагидан ўт ёқмоқда. подшо ҳайрон бўлиб сўради:
— Ёғоч учида турган қумғон ҳам ердан ўт ёққанда қайнайдими?
Афанди бепарво жавоб берди:
— Қаср томида туриб, тоғдаги оловга исинса бўлар экан-ку, ердан ёқилган ўтга ёғоч учидаги қумғон қайнамас эканми?!