Подшо эрталаб овга борар эди, рўпарасидан Афанди чиқиб қолди. Афандининг кўриниши анча ҳунук бўлганидан, подшо ходимларига буюрди:
— Овнинг бошидан шундай бадбашара одам учради, бугун ов юришмайди, олиб бор зиндонга сол буни, ҳали овдан қайтганда гаплашаман бу билан!
Олиб бориб Афандини зиндонга ташладилар. Аммо шу куни подшонинг ови жуда яхши юришди. подшо овдан қайтгач, Афандини чақиртириб деди:
— Агар бугун овим юришмаганда, сени ўлдирар эдим, бахтинг бор экан.
— Бир савол сўрасам майлими?—деди Афанди.
— Сўра!
— «Бахтсизлик келтиради, овим юришмайди» деб мени эрталаб қаматдингиз, аксинча, овингиз юришиб кетди. Мен ҳам бола-чақамнинг шу бугунги тирикчилиги учун бир парча нон топгани чиққан эдим, кечгача зиндонда ётиб, тирикчиликдан қолдим, бола-чақамнинг ҳоли нима кечганини билмайман. Қани, айтинг-чи, иккаламиздан қайси биримиз бахтсизлик келтирар эканмиз?