Афандининг анжири пишган эди, бир саватга териб Пошшога олиб борди. Аммо қоровуллар уни анжирини тортиб олишди-да, ичкарига олиб кириб кетишди. Афанди дарвоза тагида қолди. Шу вақтда ясовуллар беш-ўнта бандини ҳайдаб келишаётган эди, уларнинг бири йўлда қочиб кетди, унинг ўрнига Афандини ҳам бандиларга қўшиб қоровулларга топширишди.
Афанди қанчалик доду фарёд қилиб ёпишмасин, фойда бермади, уни зиндонга ташладилар.
Кунлар, ойлар ўтса ҳам Афанди ҳамон зиндонда қолди.
Бир куни пошшо зиндонга кириб Афандидан нима сабабдан қамалганини сўраган эди, у бутун воқеани сўзлаб берди. Пошшо уни бўшатишга буюриб, сўради:
— Сенинг анжиринг менга жуда маъқул бўлган эди, тила тилагингни?
— Анжир эвазига шунча мукофот олдимки, бунинг устига яна бирор нарса сўрашга ҳам уяламан. Бир дона ўткир болта ҳадя қилсангиз, шунинг ўзи бас.
— Болтани нима қиласан?
— Боғимдаги анжирларни битта қўймай кесиб ташламоқчиман,— деди у.