Подшо Афандига буюриб қолди:
— Бугун таъбим тирриқ. Энди ўзингдан ҳам қизиқ, кулдирадиган одам топиб кел!
Афанди «хўп» деб чиқиб кетди. Бир оздан кейин бир жиннини олиб келди. Жинни пойма-пой, алмойи-алжойи гапларни гапиравериб, подшонинг баттар таъбини тирриқ қилди. Унинг ғазаби қўзғаб, мулозимига буюрди:
— Бор, жиннига юз таёқ ур, жинни келтирганга икки юз таёқ ур!
— Ана холос,— деди Афанди хандон ташлаб куларкан,— жиннининг ўзи битта эди, жинни келтирган билан иккита бўлди, мана, ур деган билан учта бўлди.