Афандини қозилик лавозимига қўймоқчи бўлдилар. Уни олдин подшо уламолар ўртасида имтиҳон қилиб кўриш керак эди. Афандини чақириб келишди.
— Фараз қилайлик, бир одамнинг эчкиси бор,— деди подшо Афандига,— уни бозорга олиб борди. Бир одамга «бор барака топ» қилиб сотди. Ҳали пулини олгунча бўлмай, эчки қўлидан чиқиб қочди. Бир одам уни ушлайман деган эди, эчки сузиб, унинг кўзини чиқарди. Энди бунга пулни ким тўлайди? Сотувчими, олувчими?
Афанди довдираб қолди. Кейин таваккалига:
— Сотувчи...— деб юборди.
— Сабаб?
— Чунки «эчким сузоғич, қочганда тутаман деган кишининг кўзини чиқазиб кўр қилади»— деб аввалдан айбини айтмаган.