Пошшо саройидаги ҳамма аъёнлар Афандини ёмон кўрардилар. Улар пошшога Афандининг устидан ғийбат қилишар, унинг ҳақида турли-туман уйдирмалар тарқатишар эди. Бироқ Афанди билан учрашганларида ҳамиша ўзлари шарманда бўлишарди.
Бир куни улар тўпланишиб пошшонинг олдига киришдилар-да, Афандининг оғзи сассиқлигига уни ишонтирмоқчи бўлишди. Иғво устига тасодифан Афанди келиб қолди. Аъёнларнинг ранги-қути ўчиб, дамлари ичига тушиб кетди.
Пошшо ҳақиқатни билмоқчи бўлиб Афандидан сўради;
— Қани, яқинроқ ўтирчи, аъёнлар сенга қаттиқ касаллик йўлиққан дейдилар, ростми?
— Шоҳим, уларнинг ҳаммаси менинг қадрдон дўстларим, улар ёлғон гапиришмайди, эшитайчи, улар нималар дейишдийкин?
— Буларнинг айтишларича, сенинг оғзинг ёмон сасиб кетган эмиш.
— Уларнинг гаплари жуда тўғри, шоҳим,— деди Афанди,— ҳозиргача мен уларнинг хиёнати, аҳмоқона қилиқларини бировга айтмай ичимга юта берганимдан, ўша иллатлар ичимда сасиб, оғзимдан чиқмоқда.