Пошшо бир ўлкага юриш қилиш олдидан Афандига буюрди:
— Еб-ичиб ётиш етар энди, сен ҳам юришга тайёрлан, Давримиз — қилич, камон, ўқлар асри, гап-сўзники эмас. Бу юришда мен билан бирга бўласан!
Афанди юришдан қолдиришини сўраб қанча ялинмасин натижа чиқмади. Охири у ночор бир камонни елкасига илиб, эшагига миниб пошшонинг ҳузурига етиб келди. Бу аҳволдан ажабланган пошшо кулиб ундан сўради:
— Афанди, бу нима қилиқ? Наҳотки, от тополмай эшак миниб келган бўлсанг?
— Иложи бўлмади, шоҳим, эшагим ялиниб: «Пошшонинг сендан ажралгуси келмаса, мен ҳам сендан ажрала олмайман, сен қаерда бўлсанг, бирга боришим керак», - деб туриб олди.
Афандининг тихирлигини кўрган пошшо атрофдагиларга ҳам таъсир қилиш мақсадида:
— Яхши камон олибсану ўқинг кўринмайди.
— Уқ менда йўқ.
— Душманни нима билан отасан?
— Бизга отган ўқларини териб олиб, ўзларига отаман,
— Аҳмоқ экансан, агар душман бизга қарши сира ҳам отмасачи?
— Агар душман бизга қарши отмаса, жуда яхши, унда уруш бўлмайди! Менга ўқнинг нима кераги бор,— жавоб берди Афанди.