Меҳмон-мезбон ҳақида латифалар

Афандининг маҳалласидаги хасис бир бой қачон меҳмон келса, бир патнусда суви қочган патирни олиб чиқиб қўяр, уни ҳеч ким синдиролмаганидан яна бутунича олиб кириб кетар эди. Бир меҳмондорчиликдан кейин хизматкор бояги патирни ичкарига қайтариб олиб кетаётганда, остонага қоқилиб йиқилди-ю, патирни синдириб қўйди. Бой «оҳ» деб, ўзини ташлаб ҳушидан кета ёзди. Афанди дарров ўрнидан туриб, патирнинг синиқларини терди, уларни бойга узатиб тасалли берди:
— Ўзингизни босинг, бой бува, бунинг иложи осон: кўчанинг бошида қадоқчи ўтирибди, югуриб чиқсангиз, саккизта қадоқ билан патирингизни бутунлаб беради.
— Сен биринчи узат!
— Йўқ, сен узат!
— Биринчи узат!
— Узат!
— Бунақада ошни тарқатиб бўлмаймиз. узат, кутиб қолишди меҳмонлар.
Афандининг уйига келган меҳмон уч кунда ҳам кетмасмиш. Эрталаб афанди мушугини уришаётганмиш: "Кет! уч кунлик меҳмонга ўхшаб ўтираверасанми?!"
Бир аёлни уйига дугонаси меҳмонга келибди.
Ҳалига аёл кичкина ўғлига:
— Болам, холажонингни ўпиб қўймайсанми? – деса, болакай:
— Йўқ, - дебди.
— Нега ўғлим? – деб сўрабди онаси.
Болакай:
— Ҳозир адам ўпиб қўйган эдилар, холадан шапалоқ еб олдилар, - дермиш.
Божалар суҳбати:
— Божа, сизга битта яхши, битта ёмон хабарим бор. Қайси биридан бошлай?
— Яхшисидан.
— Мени табрикланг! Қайнонамиз ўн кун бизникида туриб, ваниҳоят бугун кетяпти...
— Зўр-ку! Ёмони-чи?
— Энди ўн кун сизларникида туриб, кейин уйига қайтмоқчи.
Қаҳратон қишда афандининг уйига меҳмон келибди. Афанди иссиқ сандалда дутор чалиб ўтирган экан. Дуои фотиҳадан сўнг меҳмон сўради:
— Янгамиз кўринмайдилар?
— Ташқарида ўтин ёряпти.
— Сиз иссиқ уйда дутор чалиб ўтирсангиз, аёлингиз совуқда ўтин ёрса, шуям инсофданми?, - дебди меҳмон.
— Янгангиз дутор чалишни билмаса, нима қилай?
Эри ишидан эртароқ қайтиб келиб, хотинига дебди:
— Хотин, болаларни кийинтир. Бугун ҳайвонот боғига борамиз!
Хотини ажабланиб:
— Нега? Даб-дурустдан борамиз деяпсиз? – деса, эри жаҳли чиқиб:
— Ўзинг неча кундан бери қариндошларимни соғиндим, кўргани бориб-келайлик деб ҳоли-жонимга қўймаяпсан-ку! – дебди.

Бугун эрталаб хотиним:
— Дадаси, бугун ойим меҳмонга келар эканлар, - деди.
Мен ўзимни иложи борича хотиржам тутиб:
— Онажонимиз неча ёшда эдилар? - десам, хотиним:
— 58 ёшдалар, - деди.
Мен янада босиқлик билан:
— Эшитмаяпсанми хабарларни? Коронавирус 50 ёшдан ошганларда кўп учрайди.
Меҳмондорчиликлар ҳам вақтинча тўхтатилиб турилишини-чи, эшитдингми ўзи!?
Онангга айт, мен улар ҳақида қайғуряпман, - дедим-да анча енгил тортдим.
Бу сўзни 16 йилдан буён шунақаям айтгим келардики...

Мезбон:
— Таомингизга қўзиқориндан ҳам солайми?
Меҳмон:
— Йўқ, раҳмат. Мен фақат ўзим терган қўзиқоринларни ейман.
Мезбон:
— Хоҳласангиз, полга сочиб бераман териб чиқасиз.
Бир хонадондаги бўлаётган зиёфатда меҳмонлар зерикиб, сиқилиб кетишипти. Бир бурчакда эснаб ўтирган
аёлни кўриб, меҳмон ундан сўрапти:
— Зерикдингизми?
— Жуда ҳам.
— Бўлмаса секин туриб кетаверайлик...
— Кошки эди, лекин афсуски, иложим йўқ.
— Нега?
— Мен шу уйнинг бекасиман.