Қадим замонда подшоҳнинг ёнига аёнларидан бири югуриб келиб:
— Шоҳим, ҳузурингизга дунёда энг машҳур фолбин кирмоқчи, - дебди.
Шоҳ киритишни буюрибди. Фолбин саройга кириб айтибди:
— Эй шоҳим, буюк лашкарбоши! Мен сизнинг бўлажак жангларингиз ва умуман келажак ҳаётингиз хақида фол очиб бераман.
Подшоҳ жаллодни чақириб:
— Бу фолбиннинг бошини танидан жудо қилинглар! - деб буюрибди.
Жаллод буйруқни бажаргач, савол беришибди:
— Шоҳим, нега фолбинни ўлимга ҳукм қилдингиз?
Подшоҳ:
— Бу аблаҳ фолбин ўзининг келажагини билмайди-ку, менинг келажагимни қаердан билсин! - деган экан.