Бир аёлни эри оламдан ўтибди.
Аёл қабр устида йиғлаб дардини тўкиб солибди:
— Ўғлимизга шим, қизимизга кўйлак, у керак бу керак, - дебди.
Кечаси тушига эри кириб:
— Хотин ман ўлдим, Дубайга кетганим йўқ, — дебди.

— Доктор, хотирам чатоқ бўлиб қолди.
— Қачондан бери?
— Нима қачондан бери?
— Хотирангиз?
— Қанақа хотира?

— Ойи, мен кўчани айланиб келаман.
— Ким билан? Қаерга борасан? Қачон келасан?
— Дада, мен кўчани айланиб келаман.
— Яхши.

Бола кутубхонага кириб сўради:
— Кечирасиз Насаф чемпионлиги ҳақида китоб борми?
Кутубхоначи жавоб қилди:
— Фантастик китоблар 5-қаторда,
Бола сўради:
— А Нефтчи чемпион бўлгани ҳақидаги китоб борми?
Кутубхоначи жавоб қилди:
— Тарихий китоблар 2-қаторда!

Бир куни подшо Афандининг ўғлини ҳузурига чақирди. Боланинг қадди-қомати, қоши-кўзи худди отасиникига ўхшар эди. Унинг ақлини ҳам отасиникига ўхшаш-ўхшамаслигини синаш учун болага бир тилла берган эди, у пулни сира олмади.
— Нега тиллани олмайсан?
— Онамдан қўрқаман, у бегона одамдан пул олмагин деган.
— Яша,— хурсанд бўлди подшо,— мен онанг айтган бегона одам эмас, ҳукмдоринг бўламан, ола бер!
— Мен подшо эканлигингизни биламан, онам бунга барибир ишонмайдида.
— Нима учун?—ҳайрон бўлди подшо.
— Агар подшо пул берса, бир тилла эмас, купроқ берар эди, дейди-да.

Кунларнинг бирида катта бой зиёфат берди. Шаҳар ҳокими ва бошқа амалдорлар қаторида Афандини ҳам таклиф қилди.
Бой ҳоким учун уйнинг тўридан жой ҳозирлаб, унга аъло ноз-неъматларни қўяр, бошқа одамларга оддий овқатларни тортар эди. Афанди ҳокимнинг ёнига ўтирди-да ўз косасига ҳокимникини, алмаштириб олди. Буни кўрган бой тоқатсизланиб қичқирди:
— Афанди, у овқатга тегманг, зарар қилади!
— Биламан,— жавоб берди Афанди,— ҳоким ҳазратлари бу овқатни еб шикастланиб қолмасинлар, ҳоким учун мен зарарланай деяпман.

Дарвозадаги ёзув: "Эшик қўнғироғи ишламаяпти. Итнинг ғашига тегинг, вовуллаши билан чиқамиз”.

Бизнесмендан қандай қилиб миллионер бўлганини сўрашди.
— Хотиним туфайли.
— Қанақасига?
— Қанча пул топганимда хоти­ним пул йўқлигидан нолишни тўх­татишини билмоқчи эдим...

Афанди бозордан тоғора олиб келаётган эди, йўлда биров дуч келиб:
— Қани, тақсир, тоғорани менга беринг, кўтаришиб кетай,— деди-да, Афандининг қўлидан тоғорасини олди.
Уйга етдилар. Афанди одамгарчилик юзасидан у кишини меҳмон қилиб жўнатди. Бироқ бу киши ҳар куни келиб, Афанди билан сўрашиб:
— Хўш, қалай, тоғора омонми?—деб сўрайдиган бўлиб қолди.
Ҳар гал келганида, Афанди уни ҳоли-қудрат меҳмон қилиб жўнатарди. Бу ҳолнинг узлуксиз давом этишидан Афанди жуда зерикди.
Кунларнинг бирида, у киши яна келиб, эшик қоққан эди, Афанди тоғорани кўтариб чиқди. У ҳам сўрашиб бўлгач:
— Ҳа, қалай, тоғора омонми?—деб сўраган эди. Афанди тоғорани ерга ташлаб юборди. У ерга тушиб синди.
— Ҳа, тоғора шу дамгача омон эди, ҳозир кўз олдингизда жон берди,— деб Афанди уйга кириб кетди.

Чол денгиздан тилла балиқ ту­тиб олди. Тилла балиқ тилга кир­ди:
— Кампиринг ҳалиям борми?
— Ҳа.
— Ундай бўлса мени еб қўявер.