Аёллар ҳақида латифалар

Бир куни эр-хотин гаплашиб ўтириб эри дебди:
— Хотин сен эркак бўлганингда нима қилар эдинг?
Хотини:
— Ўзингиз-чи? - дермиш.
Ишхонада бирга ишлайдиган жувон эрининг суюқоёқлигидан нолиб гапириб, у билан ажрашмоқчи бўлаётганини айтган экан, дадам уни фикридан қайтаришга уринибди:
— Ўйнаш дегани носга ўхшаган бир нарса, ҳумори тутганда чекилади-ю, кейин туфлаб кетилаверади, синглим. Минг марта шукур қилингки, сиз эрингизнинг носқовоғисиз.
Эр-хотин ресторанга киришибди. Хотини рестораннинг бир бурчагидаги столда ароқ ичиб ўтирган йигитни кўрсатиб эрига дебди:
— Қаранг, шу йигитни мен 5 йил аввал ташлаб кетган эдим. Ҳанузгача ичиб юрибди.
Эри ишонгиси келмай:
— Қўйсанг-чи, ҳеч ким бунчалик узоқ нишонламайди-ку...!? - деган экан.
Онаси ўғлига:
— Ҳафта бошидан янги ҳаёт бошламоқчимиз. Мен озишни бошлайман, аданг чекишни ташлайди. Сен нима қилмоқчисан?
— Мен ўқишни ташламоқчиман!
Эр-хотин уришиб қолибди. Иккаласи ҳам ҳечам гаплашмас экан. Бир куни эри вақтлироқ ишга кетиши керак экан, ётишдан олдин, қоғозга "Эрталаб соат 7:00 да уйғот!", деб ёзиб хотинининг ёстиғи тагига қўйибди. Эр эрталаб уйғонса соат 9:00 бўлганмиш. Жаҳли чиққан эр дарғазаб бўлиб, ўзини ёстиғини кўтарса, бир парча қоғоз, қоғозда эса "Туринг, соат 7:00 бўлди!", деб ёзилган экан.
Бир куни хотини эрига:
— Дадажониси, мени ҳозир ҳам аввалгидек яхши кўрасизми?
— Йўқ, унчалик эмас.
— Вой, нима учун?
— Кейинги пайтда кўзим яхши кўрмаяпти.
Эр хотинини чақириб:
— Сенга неча мартта айтаман ёпиб юр деб. Нуқул очиқ қолаверади. Бепарвосан! Уят эмас-ми?, ... Яна нон қотиб қолибди!
Она қизидан сўради:
— Нега Аҳмаджон деган йигитга турмушга чиқишни хоҳламаяпсан?
— Ойи, ахир у малласоч-ку!
Ота гапга аралашди:
— Ўша йигитга турмушга чиқавер, қизим! Сен билан бир йил яшаса, сочи оқариб кетади, жавоб!
Уйга маст ҳолатда келган эрига хотини бақириб:
— Ичибсан-ку майли-я, лекин нега белингда тирноқ излари туширилган?
Эри бўлса:
— Айтсам ишонмайсан! Ичиб олиб юролмай қолгандим, бургут уйгача ташлаб қўйди...
Афандини иккита хотини бўлган экан. Кунларнинг бирида афандидан биринчи хотини сўрабди:
— Қайси биримизни кўпроқ севасиз?
— Икковингни-ям бирдек севаман, - дебди афанди.
— Агар иккала хотинингиз чўкаётган бўлса, кимни биринчи қутқарасиз? - сўрабди яна хотини. Афанди бўлса:
— Сен сузишни биласан-ку..., - дермиш.