Кафе-ресторан ҳақида латифалар

Ошхонада:
— Нима овқатлар бор?
— Фақат ток ош бор.
— Ахир бу 2 та овқат-ку!
— Энди битта. Бизга қозон керак бўлиб қолди.
Йигит билан қиз ресторанга киришибди. Йигит енгилроқ салатлардан буюртма берибди.
Қиз тез-тез менюга қараб қўярмиш.
Ваниҳоят йигит:
— Бирор иссиқроқ нарса буюртма қиламизми? - деса, қиз хурсанд бўлиб:
— Ҳа, - дебди.
Шунда йигит официантни чақириб:
— Бизга 2 та қайноқ чой! - деган экан.
Иккита ўзбек Францияга бориб ресторанга кирибди.
— Француз тилини билмаймиз-ку, қандай қилиб буюртма берамиз? - дебди бири.
Шериги:
— Шошмай тур! Ҳозир боплайман, - дебди ва официантни чақириб:
— Ля салат, ля товуқ, ля нон, ля чой, - дебди. Официант тез фурсатда ҳамма айтган нарсаларни олиб келиб берибди.
— Кўрдингми! Мен бўлмасам нима қилардинг?! - дебди буюртма берган ўзбек шеригига ва официантга:
— Ля раҳмат! - деса, официант:
— Ля ош бўлсин, ака! - деган экан.
Кечаси соат 23.00лар атрофида. Телефон қўнғироғи жиринглабди.
Эр:
— Алло?
Хотин:
— Лаббай?
Эр:
— Бугун кеч қолиб кетдим...
Хотин:
— Ҳечқичи йўқ.
Эр:
— 3-4та оғайниларим билан кафеда ўтиргандик.
Хотин:
— Майли, яхши!
Эр:
— Кечирасиз, бошқа жойга тушдим шекилли?!

— Ресторанда хотиним билан учрашиб қолган кун ҳечам ёдимдан чиқмайди.
— Жуда зўр кеча бўлганмиди?!
— Мен хотиним болалар билан уйда ўтирибди деб ўйлабман-да!

Иккита одам кафеда овқатланиб бўлгач, официантга қараб:
— Ҳисоб қанча бўлди? - дебди.
Официант футбол мухлиси экан:
— Ливерпуль-Брайтон 1:0, - дебди.
Ресторанга кириб овқатланаётган хўранда официантни чақириб дебди:
— Кечирасиз, ресторан мусиқачилари пуллик хизмат кўрсатишадими?
— Ҳа, - дебди официант.
— Унда мен пулини тўлайман, илтимос, бироз мусиқа чалмай туришсин, мен овқатланиб олай...! - дебди хўранда.

Эрталаб ресторанга бир одам ҳовлиқиб кириб:
— Кеча кечқурун мен шу ерда бўлганмидим? - дебди.
Официант:
— Ҳа, бўлган эдингиз, - дебди официант.
— Икки юз минг сўмлик ароқ ичиб қўйдимми? - сўрабди яна.
Официант:
— Ҳа, - дебди.
— Худога шукур-эй! Мен пулимни йўқотиб қўйдимми деб қўрқиб кетдим, - дермиш.

Шаҳар ташқарисида 100 км соат тезликда шошиб кетаётган ҳайдовчининг кўзи йўл четидаги "Оқ йўл! - 50" деган ёзувга тушибди. Радар бор экан-да, деб ўйлаган ҳайдовчи ва дарҳол тезликни 50 км соатга туширибди. Ярим соат юрибди. Йўл четида яна "Оқ йўл! - 20" деган ёзув чиқибди. Аниқ ЙПҲ ходимлари турган бўлса керак, - дебди ўзига-ўзи ва 20 км соат тезликда юра бошлабди. Яна ярим соат шу паст тезликда ҳайдаб кетаверибди. Бир вақт "Оқ йўл! - 5" деган ёзув кўрибди. Аниқ рейд бўлаётгандир, - деб 5 км тезликда ҳайдабди бечора. Юриб-юриб қараса, 5 км дан кейин олдидан "Оқ йўл!" деган кафе чиқибди.
Кафеда официант мижозга буюртма қилинган товуқни қўлида ушлаб олиб келаётганини кўриб жаҳл билан:
— Нега овқатни қўлингиз билан ушлаб олгансиз!? - деса, официант:
— Икки мартта ерга тушиб кетди. Учинчи мартта ҳам тушириб юбормай дегандим... - дермиш.