Ёшлар ҳақида латифалар

Уйланаётган бир йигит ЗАГСда имзо қўяётса, ручкасининг сиёҳи тугаб қолибди. Шунда йигит пичирлаб:
— "Садақа бало қайтаради" дейишгани рост экан. Эрталаб садақа қилганим яхши бўпти-да..., - дермиш.
— Дўстим, мен учун ҳаёт тамом! Севган қизим мени ташлаб кетди!
— Ҳа...! Жуда ёмон бўпти. Ер юзида биттагина қиз бор эди-я... Лекин энди ақлинг ишлай бошлайди!
— Нега ер юзида битатгина қиз бўлар экан?! 4 миллиард қиз бор-ку!
— Ана кўрдингми?! Ақлинг ишлай бошлади.
18 ёшга тўлган ўғли билан отаси гаплашиб ўтириб дебди:
— Эҳ ўғлим, бизни давримизда ҳам телеграм, фейсбук, инстаграмларинг бўлган.
— Қанақасига?
— Йўлакларга исмимизни ёзиб кетардик, эртаси куни ёнида изоҳлар қолдириб кетишарди...
Вақт алламаҳал бўлганда дарвозадан кириб келган ўғлини олдидан отаси чиқиб жаҳл билан дебди:
— Қаерларда юрибсан? Соат нечи бўлди?! Юравермайсанми эрталабгача санғиб!!!
Бу гапни эшитган ўғли шу заҳоти чўнтагидан телефонини олиб, кимгадир қўнғироқ қилиб:
— Алло, ўртоқ кетиб қолмадингми? Рухсат олдим. Ҳозир чиқаман, - дебди.
Кўп қаватли уйда яшовчи ёшгина йигит ноғора сотиб олибди. Эрта-ю, кеч тақир-туқур, тақир-туқур ҳамманинг жонига тегиб кетибди. Қўшнилар чиқиб шикоят қилишибди. Фойдаси бўлмабди. Лекин ёнгинасида яшовчи қари қўшниси индамасмиш.
Бир куни у кўчада ноғорасини кўтариб уйига кириб кетаётган йигитни учратиб қолиб унга шундай дебди:
— Сен ўзи биласанми ноғоранинг ичида нималар борлигини???
Шу кундан бошлаб ноғоранинг товуши умуман эшитилмай қолган экан.
Қиз ва йигит учрашувда:
— Сизни яхши одатларингиз нимада? – сўрабди йигит.
— Мен умуман овқат танламайман, - дебди қиз.
— Хафа бўлмасангиз, ёмон одатларингизни ҳам билсам... – дебди яна йигит.
— Овқат қилишни умуман билмайман, - деган экан қиз.
Эй дўстим қара, қизлар келяпти.
Вой, Ўғилой-ой-ой,
Муаттар-ар-ар-ар,
Шохсанам, э-э-э бўлмас экан...
Э, бўлмасакан!
Учрашувга чиқган йигит ва қиз суҳбати:
Йигит:
— Кўпроқ уйда нималар билан бандсиз?
Қиз:
— Шу..., деярли ошхонадан чиқмайман.
Йигит:
— О-о! Овқат тайёрлашни ёқтирасизми?
Қиз:
— Йўғ-е, ейишни!
Йигит қиздан сўради:
— Яхши қиз, бир кўришда муҳаббатга ишонасизми?
— Албатта, менда бунақанги вазият жуда кўп бўлиб туради.
Икки талаба оч қоринга сигарет чекиб ўтирса, қовурилган гўштнинг ҳиди келибди.
Биринчи талаба:
— Ана кимдир гўшт қовуряпти, - деса.
Иккинчи талаба:
— Қанақа гўшт, мани сигаретимга пашша қўнди, - дермиш.