Бир йигит касалхонада бошдан-оёқ гипс ҳолатда ётган эмиш. Ёнига бир дўсти уни кўргани келди ва ундан сўради:
— Ие, Алижон дўстим қандай қилиб бу аҳволга тушиб қолдинг?
Алижон:
— Бир машина катта тезликда келиб, қайнонамни уриб юборди.
Дўсти яна сўради:
— Қайнонангни машина уриб кетган бўлса, сен нега бу аҳволда ётибсан?
Алижон:
— Ўша машинани ғилдирагини ўпаман дегандим... шу холос.
Сигир ёнғоқ дарахтга чиқиб кетаётган экан мушук кўриб қолиб, сўрабди:
— Ҳой сигир, нега дарахтга чиқяпсан?
Сигир:
— Олма емоқчиман, - дебди.
— Ие, бу ёнғоқ дарахти-ку?! - сўрабди ҳайрон бўлиб мушук.
Сигир бўлса:
— Олма ўзимда бор, - дермиш.
Бир кампирни шифохонага олиб келишибди.
Шифокор кампирга:
— Сизни ўтган сафар ҳам қўзиқориндан заҳарланишдан даволаган эдим. Нима бўлди? - деса, кампир:
— Ўша қўзиқоринни қолганини еб қўйибман, - дермиш.
Ўрмонда бир маймун банан пўчоғини сувда ювиб ўтирса, айиқ келиб дебди:
— Нима қиляпсан?
Маймун:
— Минг сўм берсанг айтаман, - дебди.
Қизиқиб кетган айиқ маймунга минг сўм бериб:
— Энди айтақол, банан пўчоғини нима қиляпсан? - деса, маймун:
— Ювяпман, - дебди.
Шунда айиқ кулиб:
— Ақлдан оздингми? - дебди. Маймун бўлса унга жавобан:
— Ақлдан озганманми, йўқми, лекин кунига ўн минг пулим бор, - дермиш...
Онаси ёш қизалоғидан:
— Сенга ука олиб келайми ёки сингилми? - деб сўраса,
Қизалоқ хўмрайиб туриб:
— Ҳеч ким керакмас! Ҳозир замон кўтармайди! - дермиш.
— Раҳбарлик лавозимидан кетганингдан кейин, нима билан шуғулланмоқчисиз?
— Бу қанақа савол?! Одам ўлганидан кейин ҳам ишлармиди?!
Хотин эрига дебди:
— Дадаси, полни тузатиб беринг.
Эри:
— Мен сенга устамидим?! - дебди.
Хотини яна:
— Тандирни суваб беринг, - деса эр:
— Мен сенга сувоқчиманми?!
— Чироқни тузатиб беринг.
— Электрикманми?! - деб ишга кетибди эр.
Кечқурун ишдан қайтса, ҳамма ишлар қилинган.
— Ким сувади? Ким чироқларни тузатиб қўйди? - деса, хотини:
— Қўшнимиз Алижон ака, - дебди.
— Нечи пул олди? - сўрабди эри.
Хотини:
— Пул олмади. Хурсанд қилсангиз бўлди деди, - дебди.
Шунда эри:
— Қайси ашулани айтиб хурсанд қилдинг? - деб сўраса, хотини:
— Мен сизга ашулачимидим?! - дермиш.
Эр-хотин ресторанга киришибди. Хотини рестораннинг бир бурчагидаги столда ароқ ичиб ўтирган йигитни кўрсатиб эрига дебди:
— Қаранг, шу йигитни мен 5 йил аввал ташлаб кетган эдим. Ҳанузгача ичиб юрибди.
Эри ишонгиси келмай:
— Қўйсанг-чи, ҳеч ким бунчалик узоқ нишонламайди-ку...!? - деган экан.
— Янги Ласетти олибсан. Қанақа экан? – деб сўрабди йигит дўстидан.
Дўсти бўлса:
— Яхши. Ишхонага 20 дақиқада бораман. Уйга эса 2 соатда келаман, - дебди.
— Нега? – сўрабди йигит.
— Чунки олдинги юришга бешта узатма бор. Орқага эса битта, - дермиш дўсти.
Бир куни ҳайвонлар сигирдан сўрашибди:
— Айт-чи, сен ақиллимисан ёки эчкими?
— Албатта мен! Мана масалан, катта йўлдан ўтаётганда мен ҳар тарафга қараб, кейин ўтаман, - дебди сигир.
— Эчки-чи? – дейишибди ҳайвонлар.
— У бўлса молга ўхшаб ўтиб кетаверади, - жавоб берибди сигир.