Оила ҳақида латифалар

Афанди бир кеча шам ёқиб хотини билан гаплашиб ўтирган эди, бирдан шамол туриб, шамни ўчирди. Уй қоп-қоронғи бўлиб қолди.
— Чап тарафингизда гугурт бор, олиб шамни ёқиб юборинг,—деди хотини.
— Ие, қизиқмисан, хотин? Қоронғида чап тарафни қаёқдан билиб бўлади, дейсан!
Беш ёшлардаги бола онасига:
— Ойижон, сиз синглимни фаришта қиз дердиз. У ҳеч ҳам фаришта эмас экан. Чунки, ҳозир уни балкондан ташлаб юборувдим, у осмонга учишни ўрнига, ерга қулаб тушди...
Уйга эрта тонгда қайтган эрига хотини деди:
— Уйга нега тонг саҳарда қайтдингиз?!
Эри эса ҳеч иккиланмай:
— Бундай пайтда борадиган бошқа жой бўлмаса нима қилишим керак?! - дермиш.
Бир киши дўстининг хотинини жанозасидан хомуш бўлиб уйга келибди. Хотини:
— Ҳа адаси, нимадан бунча хафасиз?, - деб сўрапти.
Эри бўлса:
— Хотин қара, Бахтиёр дўстим иккита хотинини кўмди. Мен эса ҳали бирорта-ям кўмганим йўқ!, - дермиш.
— Дада, сиз яна катта бўласизми?
— Йўқ, ўғлим
— Унда нимага овқатланасиз?
Бир аёл жон бераётган экан. Эридан сўрабди:
— Менга хиёнат қилганмисиз?
— Бу нима деганинг?! Албатта йўқ! - дебди эри. Шунда хотини:
— Тўғрисини айтаверинг, хиёнат қилганмисиз? Барибир умрим тугаяпти, - деса, эри:
— Мабодо ўлмай қолсанг-чи!? - дермиш.
Кеч тушяпти. Она балкондан ўғлини бақириб чақиряпти:
— Тешавой, сен уйга кириш ҳақида ўйлаяпсанми?
— Ўйлаяпман, ойижон.
— Хўш?
— Ойи, яна озгина ўйлаб олай...
— Тўйдан олдин қанақа ваъдалар берган эдингиз? — деб нозланиб сўради хотин.
Эр ўйлаб ҳам ўтирмай, дадил жавоб қайтарди:
— Ваъдаларим эсимда: осмондаги юлдузларни олиб бераман, Ойни ҳатто Қуёшни ҳам олиб кафтингга тутқазаман, деганман. Лекин ҳар йили янги палто олиб бераман, демаганман.
Беш яшар Сарвар отасидан сўради:
— Дадажон, менга маймун олиб беринг.
— Маймунни нима қиласан?
— Уни одам қиламан.
Зоопаркда эр-хотин айланиб юришса, эри маймунни кўриб роса кулибди.
Хотини:
— Намунча куласиз?
Эр:
— Ануни хунуклигини қара, - деса
Хотини:
— Шунга шунчалик кулиш керакми? Мен йигирма йилдан бери сиз билан яшаб кулмаяпманку, - дебди.