Кафе-ресторан ҳақида латифалар

4 та бойвачча дўстлар ҳар куни битта ресторанда битта столда овқатланар экан. Ҳар сафар битта официант хизмат қиларкан.
Улар ҳар сафар вилка, пичоқни беркитиб қаҳвани тўкиб юбориб, официантнинг устидан кулишаркан.
Бир куни официантни чақириб:
— Бизни кечир, сенга кўп беҳурматлик қилдик. Сен бу қилиқларимизга парво ҳам қилмай хизмат қилдинг, -дейишибди.
Официант:
— Бўпти, энди мен ҳам қаҳвага тупурмайман, идишларни унитазда чайқамайман, - дебди.
Талаба кафега кирса, декан тушлик еб ўтирган экан. Талаба деканни ёнига бориб:
— Домлажон, майлими сиз билан бир столда ўтириб, овқатлансам? - деса, деканни жаҳли чиқиб:
— Қаерда кўргансан бургут билан каламушни бирга овқат еб турганини, - дебди.
Шунда талаба бир кулиб қўйибди-да:
— Унда сиз овқатингизни еяверинг, мен учиб кетақолай, - дермиш.
Бир одам барда қўлидаги қадаҳни айлантириб ичсамми ичмасамми, - деб ўйланиб ўтираверибди. Буни кузатиб ўтирган бир крутой йигит келиб:
— Сен ўзи ичасанми ичмайсанми? - деб, қадаҳни бир кўтаришда ичиб қўйибди-да, ҳалиги одамни масхара қилиб тиржайибди.
Ўйланиб ўтирган бояги киши унга қараганча, ўзича пичирлабди: "Ишдан ҳайдалдим, машинам пачоқ бўлди, банкдан юз миллион кредитим бор, хотиним ташлаб кетди, энди эса заҳаримни ҳам мана бу аҳмоқ ичиб қўйди", - дермиш
Шер билан буқа ресторанда ичиб ўтирган экан, буқани хотини телефон қилиб қолибди.
— Нималар деяверасан!? Ишинг нима қаерда юрганим билан!? - деб бақириб, телефонни ўчирибди буқа.
Шу пайт шерни телефони жиринглабди:
— Ҳозир, ҳозир етиб бораман, - деб жавоб қайтарибди шер.
Буқа кулиб:
— Ҳайвонлар подшоҳи - шер бўлсанг! Хотинингдан ҳам шунчалик қўрқасанми?! - деса, шер жавоб берибди:
— Эй буқа, сени уйда мол кутяпти. Мени эса шер кутяпти!
Эр-хотин ресторанга киришибди. Хотини рестораннинг бир бурчагидаги столда ароқ ичиб ўтирган йигитни кўрсатиб эрига дебди:
— Қаранг, шу йигитни мен 5 йил аввал ташлаб кетган эдим. Ҳанузгача ичиб юрибди.
Эри ишонгиси келмай:
— Қўйсанг-чи, ҳеч ким бунчалик узоқ нишонламайди-ку...!? - деган экан.
Битта бола маст ҳолатда, тунги клубга кириб барменга:
— Укам менга 1 метр ароқ бер, - дебди.
Бармен ҳайрон бўлиб:
— Окам бизда ароқлар метрлаб эмас, литрлаб сотилади, - деса
— Менга 1 метр берасан, - деб туриб олибди.
Барменни калласи ишлаб столнинг устига бир метр узунликда ароқ тўкиб:
— Мана ока, ўлчаб олинг, - дебди
Маст бола, ўлчаб бўлиб:
— Энди газетага ўраб бер, - дермиш...
Кунларнинг бирида хўроз товуқни ресторанга таклиф қилибди.
Ресторанда официант:
— Нима буюрасизлар? - деса, хўроз:
— Менга битта грилл, товуқга эса тўртта қайнатилган тухум олиб келинг, - дермиш.
“Бонусли сомса” деб ёзилган сомсахонага кирган хўранда, сотувчидан сўради:
— Қандай қилиб “бонусли сомса” есам бўлади?
Сотувчи:
— Гўштли сомса деганидан истаганингизча сотиб олиб, еб кўрасиз. Агар бирорта сомсани ичидан гўшт чиқиб қолса, бонусга яна битта шунақа сомса берамиз, - дермиш.
Ресторанда:
— Ким қизил лентага ўралган 100$ ликларни йўқотиб қўйганиди?
— Мен, мен, мен йўқотганидим!
— А мана, фақат лентани ўзини топдим.
Бир куни афанди кабобхонани ёнидан ўта туриб, кабобдан чиқаётган тутун ҳидини ҳидлабди. Зиқна кабобпаз “Сени бир боплай!” деб афандини тўхтатиб, унга дўқ урибди:
— Кабобдан чиқаётган тутунни ҳидлаганинг учун пул тўла! – деса, уддабурон афанди чўнтагидан тангаларини чиқарибди-да, “жаранглатиб-жаранглатиб” яна чўнтагига солиб йўлида кетаверган экан.