Замонамиз ривожланиб кетди. Ақлли кўзойнак, ақлли соат, ақлли красовка, ҳатто ақлли шаҳар. Ҳаммаси ақлли. Шу..., фақат одамлар аҳмоқ!
Газетанинг «Адвокат маслаҳати» рукнига келган мактубдан:
“Агар менинг Матиз машинамни ЙПҲ ходимлари жарима майдончасига олиб кетишган бўлса, боқувчисини йўқотган киши сифатида нафақа олишга ҳаққим борми?”.
Она:
— Бизнинг давримизда қизлар тузукроқ эр чиқганда эрга тегишарди.
Қиз:
— Бизда қизлар тузукроқ эр чиқгунча эрга тегаверишади...
Хотин эрига:
— Азизим, мен семизманми?
Эр:
— Онаси, ҳамма нарсани яхши тарафини кўриш керак! Семиз бўлсанг яхши-ку, очиқ қолган канализация қувурларига тушиб кетмайсан.
Бир талаба овқатланиб, қорнини тўйдириб дарсга кирса кекиргиси келиб қолибди. Ҳаммани олдида кекиришга уялиб, охири нима қилишни ўйлаб топибди. Телефондаги мусиқани баланд қилиб овозини кўтарибди-да, кекириб юборибди.
Кейин қараса, телефондаги мусиқа талабани қулоғидаги наушникларидан келаётган экан...
Институтда ўқитувчи талабага қараб:
— Дарсга яна тайёрмасмиз денг!
— Ҳа, домлажон...
— Кечаси билан телевизор кўриб чиққанмиз демак...
— Шунақа...
— Институтга ҳам ҳурмат йўқ денг!
— ...
— Давлатни пулини еб ётибмиз денг!
— Узр домлажон. Сизни билмадим-у, мени ҳали ота-онам боқяпти...
— Дўстим, статусингни эмас ҳаётингни ўзгартирадиган вақт келди!
— Зўр гап айтдинг! Шошмай тур, шуни статусимга қўйиб олай...
Бир куни иккита буқа ем талашиб бири иккинчисига дебди:
— Нега сенга кўп? Нима, сени шоҳинг борми?!
Чиптачи автобусда чипта сотиб юрса, бир йигит 1200 сўм берибди.
— Йўл ҳаққи бугундан 1400 сўм бўлган, - деса, йигит:
— Майли, менга кечаги чиптангиздан беринг, - дермиш.
Чойхонада йигитлар зиёфат қилиб ўтиришса, бир отахон нариги супада йигитларга ҳавас билан қараб ўтирган экан.
— Отахон, биз ҳам сизга ўхшаб юрайлик, бир дуо қилинг, - дебди йигитлар.
Отахон:
— Омин, мени ёшимга киринглар, аммо мен қилган ишни қилманглар! – дебди.
Йигитлар:
— Нега унақа деяпсиз? – деса, отахон:
— Чунки ҳаётимда 25 йил қамоқ ҳам бор-да, - деган экан.