Дўстлар ҳақида латифалар

Бир одам қўшнисидан ҳол аҳвол сўрабди:
— Ҳа, қўшни, хомуш кўринасиз, тинчликми?
Қўшниси:
— Ээ, бир дўстим пластик операция қилдираман деб, 1000 доллар қарз олган эди, энди юзини ўзгартириб олиб, қочиб юрибди, ярамас, - дермиш.
Икки аскар бир-бирига мақтаняпти. Биринчиси деди:
— Хотинимнинг қўли гул! Шимимга ямоқ солса, ямоқ солгани умуман билинмайди-э!
Иккинчиси бўш кемади:
— Э бунинг нима бўпти!? Менинг хотинчамни қўлини гул десанг арзийди! Кийимларини ювса, ювгани умуман билинмайди!
Соат 19:00. Аёл эрига Telegram'да ёзмоқда:
“Сизга мен керакманми ёки ўша улфатларингизми?!”
Соат 23:00. Эр аёлига жавоб ёзмоқда:
“Албатта сен кераксан!”.
Иккита турист ўрмонда айланиб юрса, олдидан баҳайбат айиқ чиқиб қувлаб кетибди. Қўрққанидан қочиб кетаётган туристлар, ўрмонда зиёфат қилиб ўтирган ўзбек йигитларини дастурхонини вайрон қилиб ўтиб кетишибди. Шунда ўзбеклардан бири туристларни қувлаб кетибди. Уларга етиб олиб, бир муштдан тушириб қайтиб келса, бошқа ўзбек сўрабди:
— Қани улар?
— Уриб келдим. Ўзи нимадан қочишди?
— Нимадан қочишганини билмадим-у, лекин анави жигарранг, катта шериги ҳам бор экан. Калтакка чидар экан, зўрға йиқитдим, - дермиш.
Йигит билан қиз телеграмда ёзишмоқда.
Йигит:
“Кечқурун ресторанга борсак,...”
Қиз:
“Ростанми!? Қаерга борамиз?”
Йигит:
“Шошмай тур! Охиригача ёзиб олай! Кечқурун ресторанга борсак, ҳамма дўстларим йиғилиб бўлишган экан. Фақат мен билан Азизни кутиб туришган экан.”
Вақт алламаҳал бўлганда дарвозадан кириб келган Фарҳод уни кутиб олган онаси дебди:
— Қаерларда юрибсан Фарҳод? Соат нечи бўлди?! Юравер эрталабгача!
Бу гапни эшитган Фарҳоджон шу заҳоти чўнтагидан телефонини олиб, кимгадир қўнғироқ қилиб:
— Алло, ўртоқ кетиб қолмадингми? Рухсат олдим. Ҳозир чиқаман, - дебди.
Икки дўст суҳбати:
— Сен 22 декабрь куни қайси депутатларга овоз бермоқчисан?
— Сенга овоз берсаммикан?!
— Нима? Қанақасига? Мумкин эмас-ку!
— Ҳа, энди... Ҳар ҳолда сени танийман-да...!
— Дўстим, бу иссиқлар қачон тугаркин?!
— Қишгача тугаб қолар...
— Дугонажон, сенга масҳарабозлар ёқадими?
— Циркдагиларими ёки атрофимдагиларими?
Икки дўст суҳбатлашмоқда:
— 31 декабр куни кечқурун нима қилмоқчисан?
— Билмадим. Лекин 1 январь куни тонгда нима қилишимни аниқ биламан!
— Нима қиласан?
— Овқат ҳазм қиладиган, бош оғриғини қолдирадиган ва кўнгил айнашни кетказадиган дори харид қилиш учун дорихонага бораман.