Оила ҳақида латифалар

Эр-хотин жанжаллашаётиб эр:
— Айбимни тан оламан. Бўлди, мен эшшакман! Яна нима истайсан...?
Хотин:
— "Иа" деб бақиринг!
Жон бераётган эр хотинини чақириб дебди:
— Эсингдами армияга кетаётганимда, сен ёнимда эдинг?
— Ҳа, эсимда...
— Ишдан бўшаб, уйда уч йил ўтирганимда ҳам сен мен билан бирга бўлгандинг!
— Ҳа...
— Аварияга учраб, ётиб қолганимда ҳам олдимдан жилмадинг.
— Албатта, бирга бўлгандим, ёнингизда ҳамиша...
— Ҳозир жон беряпман. Анъанага содиқ қоласанми? Шуни билмоқчиман.
Бир ойлик келин ота уйига аразлаб келди. Отаси сўрабди:
— Яна нима бўлди қизим?
— Эрим билан уришиб қолдим.
— Ҳар сафар қайнонанг билан уришардинг-ку?
— Қайнонам шунча жаврасам ҳам индамай қўйди, ман ҳам ким биландир гаплашишим керак-ку.
Хотин эридан сўрабди:
— Азизим, агар мен мабодо сизни ташлаб кетсам, кўз-ёш тўкмайсизми?
Эри ўйлани-и-и-иб туриб:
— Кўз-ёш дейсанми? Ҳар-ҳар замонда йиғлаб турсам керак...
Хотини аразлаб:
— Нега энди ҳар-ҳар замонда? Ҳар доим эмас?
Эри:
— Овқатга пиёзни ҳар доим ҳам тўғрайвермасам керак...!?
Соат 19:00. Аёл эрига Telegram'да ёзмоқда:
“Сизга мен керакманми ёки ўша улфатларингизми?!”
Соат 23:00. Эр аёлига жавоб ёзмоқда:
“Албатта сен кераксан!”.
— Дугонажон, қандай қилиб бу йигитни севиб қолдинг?! Пешонасига ёзиб қўйибди-ку уни, “хотинбоз” деб!
— Пешонасига ёзилганмиди? Пешонасига сочи тушиб турган экан-да, кўрмай қолибман...
Бир йигит 17 ёшида уйланибди. У 25га кирганда боласи 7 ёшга кирибди.
Кунлардан бирида боласини мактабдан олиб қайтаётса, йўлни нариги тарафида 3 та кетворган қиз келаётганмиш. Шунда у боласига қараб:
— Ўғлим, мен ҳозир анави қизларни олдига борганимда дадамас, ака деб чақиргин, хўп-ми? Яна ёмон тушунмагин, - деса.
Боласи:
— Хўп, дада сиз ҳижолат бўлманг, ўзи ҳар кун кўчада ойимни опа деб ўрганиб кетдим, - дермиш.
Хотин эрига дебди:
— Адаси, ишдан қайтишингизга сомса ва палов пиширдим, ейсизми?
Эр:
— Албатта, кун бўйи фақат шулар ҳақида ўйладим...
Хотин:
— Мен ҳақимда-чи?!
Эр:
— Албатта сени ҳам эсладим. Ахир сомса ва паловни сен пиширасан-ку!
Хотин эрига:
— Дадаси биз яқинда биттага кўпаямиз, - деса эри хурсанд бўлиб кетибди.
— Ростанми? Жуда зўр бўпти-ку! Ўғил эканми ёки қизми? – деса, хотини:
— Онам бизникига кўчиб келяптилар, - дермиш.
Жарроҳ куёв, қайнотасини операция қилишга тайёрланмоқда.
Қайнота:
— Ишга жуда жиддий қаранг, куёвбола! Шуни унутмангки, мен ўлсам, қайнанангиз шу куниёқ қизиникига кўчиб боради.