Болалар ҳақида латифалар

Бола дадасидан:
— Дада эртак нима ўзи?
— Эртакми, нима десам экан... Масалан эртакда қурбақани топиб олиб, ёнингда бир кеча олиб ётсанг эртасига қарасанг маликага айланган бўлади. Ҳозир эса уйланасан, эртасига қарасанг акси бўлаяпти, - дермиш
Бир қари одам касал бўлиб ётиб қолди. Ёнига ўғлини чақириб, васият қила бошлади:
— Болаларим, жон бор ерда қазо бор. Шунинг учун ҳозирдан айтиб қўяй, одамлардан оласи-берасиларим бор. Мен айтиб тураман, сен ёзиб ол.
— Хўп, дада, айтаверинг! Қани, олдин кимлардан ола-силарингиз бор, шуни айтинг!
— Ёз, Эшматда юз сўм, Тошматда юз сўм, Исавойда икки юз сўм, Мусавойда икки юз сўм...
— Ҳа, дадажон, айтаверинг, тағин кимларда бор? Дадаси яна уч-тўрт одамнинг номини айтди. Оласи-ларнинг жами минг сўмча бор эди.
— Болам, энди қоғознинг нариги тарафини ағдар. Кимларга берасиларим бор, шуни ёз.
— Қани, айтинг-чи.
— Исматхўжа акага минг сўм, Рустамхўжа акага минг сўм, Эшон акага икки минг сўм, Мулла Умарбойга...
— Э тўхтанг, тўхтанг, дада, энди айний бошладингиз,— деб, ўғли унинг бошини ушлаб кўрди,— бу гаплар иситманинг ҳароратига ўхшайди. Ёта қолинг дада...
Бир болакай дўконга келиб сотувчига дебди:
— Кеча менга қайтим беришда 5000 мингга адашибсиз!
Жаҳли чиққан сотувчи болакайга ўдағайлаб:
— Кеча шуни айтмайсанми?! Энди кеч бўлди. Қаердан олиб бераман сенга 5000 минг пулингни?! - деса, болакай орқасига ўгирилиб:
— Майли, 5000 мингни сизга қайтариб бермоқчи эдим-да..., - деб кетиб қолибди.
Афанди диссертация ёзар эди, ўғли «нима қиляпсиз?— деб сўради.
— Китоб ёзяпман,— деди Афанди.
— Унда нега бошқа китобдан кўчиряпсиз?
— Вой тентагей, шуни ҳам билмайсанми,— деди кулиб отаси,— одам одамдан туғилгандай, китоб ҳам китобдан пайдо бўлади-да!
Ўқитувчи Музаффардан сўради:
— «Ўғирламоқ» сўзининг ўтган замони қандай бўлади?
— «Ўғирлади» бўлади.
— Келаси замоничи?
— Қамоқ-да!
— Дада, илонлар ҳам гапирадими?
Дадаси секин қайнонасига ўгирилиб қараб:
— Набирангиз сизга савол беряпти?, - дермиш.
— Ойижон, келинг, ўйин ўйнаймиз.
— Қанақа ўйин?
— «Ҳайвонот боғида» деган ўйин. Биз қафасдаги ҳайвонлар бўламиз, сиз эса томошабин бўлиб бизга олма, конфетлар ташлайсиз.
Ойиси ўғлидан сўрабди:
— Ошхонада икки бўлак торт бор эди. Ҳозир унинг бир бўлаги қолибди. Буни менга тушунтира оласанми?
Ўғли:
— Албатта тушунтираман ойи. Қоронғи эди шунинг учун иккинчи бўлакни кўрмабман...
Олдига фартук тақиб олиб идиш юваётган эркак олдига кичкина ўғилчаси югуриб келиб дебди:
— Ада, ада!
— Ҳа, ўғлим. Нима дейсан?
— Сиз неча йилдан бери ойимга хизмат қиласиз?
Бир чолни невараси бор экан, исми Диплом экан. Бир кун чолни уйига меҳмон келибди. Чол неварасига:
— Диплом бор чой дамлаб кел, - дебди.
Меҳмон ҳайрон бўлиб чолдан сўрабди:
— Неварангизни исми нимага Диплом?, - деса,
Чол:
— Қизим шаҳарга диплом олиб келаман деб кетиб, шуни етаклаб келди, - дермиш