Пул-бойлик ҳақида латифалар

Институт ва университетларда контракт асосида ўқийдиган, лекин дарсларга қатнашмайдиган талабаларда ажойиб имконият бор.
Улар бир неча миллион сўмга тўрт йил ичида саводсизликни сотиб олишлари мумкин. Камлик қилса, яна икки йил бор...!
Бир киши банк эшиги олдида писта сотар экан. Дўсти келиб унга дебди:
— Оғайни, 50000 минг қарз бериб тура оласанми?
— Узр! Мен қарз бера олмайман. Ўртада шартнома бор, - дебди пистачи.
— Қанақа шартнома? - ҳайрон бўлиб сўрабди дўсти.
— Банк писта сотмайди, мен қарз бермайман...
Йирик банкда иш қизғин кетмоқда. Бир пайт ниқобли одамлар, қуроллари билан банк эшигидан бақириб кириб келишибди:
— Ётинглар, қимирламанглар, ҳеч нарсага қўл теккизманг!!! Бу босқинчилик!
Шунда банк раиси бошини кўтариб мамнун овозда:
— Худога шукур-ей, мен солиқ қўмитасидагилар деб ўйлабман-а! – дермиш.
Хавотирга соладиган жумлалар:
1) Бу оғритмайди;
2) Сан билан жиддий гаплашиб олмоқчиман;
3) Паролингиз нотўғри кўрсатилган;
4) Картангизда пул етмаяпти.
Бир одам сайёҳлик фирмасига қўнғироқ қилибди:
— Алло, мен хорижда дам олмоқчиман!
— Қанча пулингиз бор?
— 500 минг!
— Дамингизни олинг!!!
Жарима – бу тўғри йўл тутмаганинг учун тўловингдир.
Солиқлар эса тўғри йўл тутаётганинг учун тўловинг бўлади...
Подшо бир куни Афандидан сўради:
— Афанди, менинг қадр-қимматим қанча бўлар экан?
Афанди ўйланиб туриб жавоб берди:
— Қадр-қимматингиз юз тилладан ошмайди. Подшонинг аччиғи келиб, ғазаб билан қичқирди:
— Нега менинг қадр-қимматимни бунчалик пастга урасан, белимдаги камаримнинг ўзи юз тилла-ку!
— Ўзингизни босинг, Подшо,— деди Афанди,— шунинг учун юз тилла дедим-да. Агар белингиздаги камар бўлмаса, ўзингиз бир чақага ҳам арзимайсиз.
Бир олигарх касодга учраб, бу ҳақда рафиқасига маълум қилибди.
— Биласанми, биз "Мерседес"ни сотиб, "Лада" сотиб олишимизга, Рублёвкадаги данғиллама уйимизни сотиб, Москвадаги квартирамизга кўчиб ўтишимизга тўғри келади. Бироқ сен мени шунда ҳам севаверасан-ку, тўғрими?.
Рафиқаси эса унга:
— Ҳа севавераман ва жуда соғинаман, - деб жавоб қайтарибди
Бир овсар йўлда кетаётиб, ҳамён топиб олибди. Ичини очиб қараса тилла тангалар билан бирга кичкина кўзгу ҳам турган экан. Овсар кўзгуни олиб, ўз аксини кўриб қолибди-ю, " Кечирасиз, бу ҳамён сизникимиди!?" деб уни топиб олган жойига қўйиб келган экан.
Битта йигитдан сўрашибди:
— Қайси олийгоҳга ўқишга кирдинг?
— АПЕЖга.
— Қайси олийгоҳ экан у?
— Адамни пули етган жойга! - дермиш.