Уддабуронлар ҳақида латифалар

Йигит билан қиз бир-бирларини қанчалик қаттиқ севишини исбот қилмоқчи бўлиб, кўп қаватли уйнинг томига чиқишибди:
—Учгача санаб биргаликда сакраймиз, - дебди йигит.
— Хўп, шундай қиламиз, - дебди қиз ҳам.
Йигит бир, икки, уч деган экан қиз пастга сакрабди, йигит эса сакрамасдан тепада қолибди. Йигит бир пайт қараб турса, пастга тушиб бораётган қизнинг катта парашюти очилган экан...
Афанди темирчилик қилар экан. Бир куни қизиган темирни олиб, болғалайман деб турса, бой келибди-да, темирга қараб:
— Темирни қизиганини қара, ушласанг қўлинг ёпишиб қолса керак-а?
— Бой бува, агар ҳозир битта тилла танга берсангиз, қўлимга олиб тилимга ҳам тегизишим мумкин.
— Йўғее, мана ол тилла танга, деб битта тилла танга берса.
Афанди тилла тангани қўлига олиб, кейин тилига теккизибди-да, чўнтагига солиб қўйибди.
Афанди кўчадан ўтиб кетаётган эди, бир тўда бекорчилар уни тўхтатиб сўрадилар:
— Афанди, бир масалада тортишиб қолдик, ҳал қилиб беринг, дунёнинг кенглиги қанча экан?
Шу пайт ўлик кўтариб ўтиб қолдилар. Афанди тобутни кўрсатиб деди:
— Ана у дунёни ўлчагани кетаётибди, орқасидан борсаларинг аниғини билиб кела қоласизлар!
Бир меҳмондорчиликда ёш суриштириб қолишди. Афандига келиб биров:
— Афанди, сиз нечага кирдингиз?—деб сўради.
— Бу йил қирққа кирдим,— деди Афанди.
— Ие,— деди бояги киши,— бундан ўн йил илгари ҳам қирққа кирдим деган эдингиз-ку?
Афанди жавоб берди:
— Қизиқ одам экансиз, кишининг гапи битта бўлади-да.
Ҳайдовчи ДАН ходимига:
— Соатига бир юз йигирма километр, дейсизми? Ахир менинг тезлигим соатига 30 километрдан ҳам паст эди-ку?!
— Ҳали машинам бир жойда тўхтаб турувди ҳам дерсиз?
— Ҳа-ҳа, деряли шундай...
— Унда барибир жарима тўлайсиз: бу жойда тўхтаб туриш тақиқланган.
Бир одам адвокатни ёнига келиб дебди:
— Мени ҳимоя қилсангиз.
— Нимада айбланяпсиз?
— Пулларни сохталаштиришда.
— Майли, сизни ўз ҳимоямга оламан.
— Раҳмат. Мана сизга нақд пуллар!
Соат дўконида:
— Мана шу соатни харид қилинг! Бу Швейцария соатларининг айнан нусхаси!
— Майли беринг! Мана сизга АҚШ долларининг айнан нусхаси!
Хўжа Насриддин бўёқчи эди. Бир маҳмадона газлама кўтариб келиб:
— Мана шу матони дунёда йўқ рангга бўяб беринг, - дебди.
Хўжа Насриддин ҳайрон бўлиб:
— Қайси рангга? – деб сўрабди.
— Қизил, қора, яшил, кўк, сариқ ранглардан бошқасига, хуллас дунёда йўқ рангга бўяб беринг. Хўжа Насриддин гап нимадалигини дарров тушуниб:
— Майли, бажарамиз, - деди.
Йигит:
— Қачон келай? – деб сўради.
— Дунёда йўқ куни келинг: душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба, жума, шанба, якшанбадан бошқа – ҳафтшанба куни келаверинг, - деб жавоб қилди.
Бир одам докторга борса,
— Касалингизни даъвоси турп. Кўпроқ турп енг!, - дебди.
Ҳалиги одам кўчага чиқиб турп сотиб ўтирган одамни ҳамма турпини сотиб олибди-да, сал нарироққа бориб турса, турппуруш телефонни олиб:
— Алло, турп тугади. Ҳозир бир қоп шолғом келади, - дермиш.
Олимларнинг фикрича, тез орада шартномаларда ёзилаётган кредит берувчи ташкилотнинг шартларини фақат электрон микроскоп ёрдамида ўқий олиш мумкин бўлади.