Она уйга келса, ўғлининг кундалиги бурчакда тик турган экан. Ҳайрон бўлиб сўрабди:
— Ўғлим, нега кундалигинг у ерда турибди?
Ўғли:
— Бугун у “2” баҳо олди. Шунга жазолаяпман, - дермиш.
Бир йигит дорихонага кириб:
— Бу ер банкми? Менга кредит беринг! – дебди.
— Йўқ, - дебди аптека ходими.
— Нега унда боядан бери фақат пул санайсиз? – деган экан йигит.
Қарға осмонда учиб кетаётган реактив самолётга қараб турса, ёнидаги боласи ундан сўрабди:
— Ойи, анави қушча қандай қилиб бунчалик тез учиб кетяпти?
— Сенинг ҳам думингга ўт қўйишса, шундай учиб кетасан.
Бир йигит автобусга чиқса, чиройли рус қиз ўтирган экан. Йигит қизни ёнига бориб:
— Озгина сурилинг, - деса, қиз рус экан тушунмай қараб турибди. Шунда йигит қизга нима деб гапиришни билмай:
— Чуть-чуть иди пошёл... – деган экан тиржайиб.
Тўлқин:
— Акобир, сенга ноҳуш хабар айтмоқчиман: Сен охирги пайтларда қандайдир ғалатироқ бўлиб қолгансан.
Акобир:
— Ҳўш, қанақа хабар айтмоқчисан?
Консерватория талабаси мутахассислик бўйича битириш имтиҳони олдидан ҳаяжонланиб турса, курсдоши:
— Шу ҳам муаммоми? Имтиҳон оладиган ўқитувчинг ёзган композициясини олгин-да, бошидан охиригача тескари ўгириб ёзгинда, топшириб чиқавер! – деб маслаҳат берибди.
Талаба ҳафа бўлиб:
— Унақа қилиб кўрдим, устозим ёзган мусиқасини тескари чалиб кўрсам, Бетховенни мусиқаси чиқяпти.
Бир аёл радиога телефон қилиб, эфирга чиқибди. Салом йўлламоқчи эканини айтиб, дебди:
— Салом заправкадагилар. Орангизда 3 кун аввал метан қуйгани кетган ўғлим ҳам бор.
Ўғлим Анваржон, телефонингни қуввати тугаб қолган бўлса керак, телефон қилсам "ўчирилган" деяпти.
Ўғлим, сен мени тинглаётган бўлсанг, яхшилаб эшит! Сен кетган кунинг хотининг ўғил фарзандлик бўлди. Бугун уйга жавоб беришди. Боланг ва хотининг соғ-саломат.
Ўғлингни исмини яхши ният билан Метанбек деб қўйдик. Умри заправкадаги навбатлардагидек узоқ бўлсин.
Кейинги ҳафта бешик тўй. Имкон қилиб кела олсанг келгин болам. Бўлмаса хафа бўлмаймиз. Тушунамиз ҳолатни, деб онанг.
Бир куни икки рус ва ўзимизнинг афанди Ялтада учрашиб қолишибди. Афанди руслардан қайси шаҳардан эканлигини сўрабди.
Руслардан бири:
— Андрей Москвич! – дебди.
Икинчиси:
— Владимир Запорожец, - дебди.
Шунда зийрак афанди:
— Насриддин Нексия, - деган экан.
Ходим раҳбарнинг хонасидан чиқиб келаётса, ҳамкасби ёнига келиб сўрабди:
— Хўш, тинчликми? Бошлиқ нима деди?
— Иккита янгилигим бор. Битттаси яхши, иккинчиси ёмон...
— Ёмонидан бошлайқол!
— Мени ишдан бўшатишди.
— Яхшиси-чи?
— Сен ҳам бўшатилдинг!
— Эшитдингми? Хумо деган янги тўлов тизими чиқар эмиш.
— Йўқ, эшитмадим. Яхши ишласа бўлди-да...
— Олдиндан бирор нима дейиш қийин. Авваллари Хумо лотереяси бўлар эди. Ишқилиб, бу Хумони ишлаш-ишламаслиги лотерея бўлмаса бўлгани...