Уйга эрта тонгда қайтган эрига хотини деди:
— Уйга нега тонг саҳарда қайтдингиз?!
Эри эса ҳеч иккиланмай:
— Бундай пайтда борадиган бошқа жой бўлмаса нима қилишим керак?! - дермиш.
Бир йигит қўшнисидан:
— Туғилган кунинг қачон?, - деб сўрабди.
— Май ойида. Нега сўраяпсан?
— Сенга парда совға қилмоқчиман. Деразангга осиб қўясан. Хотининг уйда нуқул очиқ-сочиқ кийиниб юради.
— Мен эса сени туғилган кунингга бинокль совға қиламан. Кўрган аёлинг, ким эканини кузатишинг учун...
Қадим замонда бир подшоҳ уч нодон вазирига буюрибди:
— Балиқни бошини олмасдан туриб, ўлдириб ҳузуримга олиб келинглар! Уччала вазир йўлга чиқибди.
Биринчи вазир:
— Агар балиқни бошини олмасак, қандай қилиб ўлдирамиз, - дебди.
Иккинчи вазир эса:
— Яхшиси подшоҳ хузурига ўлик балиқни олиб борамиз, - дебди.
Шунда учинчи вазир:
— Эй нодонлар! Шунгаям ақлингиз етмадими? Балиқни ўзимизнинг услубда, сувга чўктириб олиб борамиз, - дермиш.
Ўқитувчи ўқувчиларни синф партасига жойлаштиряпти:
— Сени даданг қаерда ишлайди?
— Мани дадам бозор раҳбари.
Ўқитувчиси биринчи болани энг олди қатордаги партага ўтказибди.
— Қани, сени даданг қаерда ишлайди?
— Мени дадамни иккита мебель дўконлари бор, - деб жавоб берибди иккинчи ўқувчи.
— Бозор раҳбари ўғлини ёнига ўтир!, - дебди ўқитувчиси.
— Қани, сени даданг ким?
— Мени дадам прокуратурада.
— Қани биринчи партада ўтирганлар турларинг-чи! Иккинчи партага ўтир иккаловинг! - деб учинчи болани энг олди партага ўтқазган ўқитувчи яна сўрабди:
— Хўш, даданг прократурада нима иш қилади?
— Билмиман. Дадамни кеча иккита одам олиб кетишганди-да ўша прокуратура деган жойга...дермиш бола.
Ўн ёшли бола отасидан сўрабди:
— Ада, нега бу колбасани номи "Докторский"? Нима, уни фақат докторлар ейдими?
Отаси:
— Йўқ ўғлим! Бу колбасани еб бўлгач, тўғри докторга боравериш кераклигини билдиради...
Афанди ёғ олиш учун коса кўтариб бозорга борибди. Ёғфурушдан бир тангалик ёғ сўрабди. Ёғфуруш бир тангалик ёғни косага қуйган экан, коса тўлиб, озгинаси ортиб қолибди.
— Қолганини нима қиламиз? - сўрабди ёғфуруш.
— Орқасига қуй, - деб афанди косани ағдарган экан, ичидаги ёғ тўкилиб кетибди. Афанди ҳам озгинагина ёғни кўтариб, уйига келибди. Ёғни кўрган хотини қичқирибди:
— Шу ёғни олдингиз холосми?
Афанди бўлса:
— Эй нодон, кўп қичқирма! Бу ёғида ҳам бор, - дебди-да, косани ағдарган экан, қолган ёғ ҳам тўкилиб кетибди.
— Азизим, менга узук олиб беринг.
— Узукка пулим йўқ!
— Ундай бўлса, кўйлак оберинг.
— Кўйлакка ҳам йўқ пул...
— Оғзимни ёпиш учун ҳеч бўлмаса сақич олиб берарсиз?!
Қарға тумшуғида пишлоқ тишлаб, дарахтда ўтирган экан. Бир пайт дарахт тагига айёр тулки келибди-да, қўлидаги газетани вароқлаб ўқий бошлабди:
— Ўрмонимиздаги ҳаёт кундан-кунга яхшиланмоқда. Тез орада ҳар бир дарахт шоҳларида пишлоқлар пишиб туради...
Қарға эса буни эшитиб, тулкининг устидан — "ха-ха-ха", - деб кулган экан, оғзидаги пишлоқ тўппа-тўғри тулкининг қўлига келиб тушибди.
Шунда тулки пишлоқни оғзига солиб, дарахт тепасидаги қарғага:
— Газетадаги хабарлар устидан кулиш яхши эмас, - деган экан.
Бир афғон йигит хотинининг орқасидан юриб кетаётган экан, уни кўрган бошқа йўловчи шундай дебди:
— Ота-боболаримиз хотиннинг орқасидан эмас, олдидан юришган.
Йигит эса:
— Ота-боболаримиз даврида мина бўлмаган-да, - деган экан.
Афанди бозорга эшагини олиб бориб, даллолга берди. Бир харидор унинг тишини кўрмоқчи бўлган эди, эшак харидорнинг қўлини тишлаб олибди. Харидор қўлини ушлаганича кетварибди. Орадан бир оз вақт ўтгач, иккинчи харидор келиб, у ҳам эшакни силаб кўрмоқчи бўлган эди, эшак уни тепиб юборди. Бу харидор ҳам оқсоқланиб кетиб қолибди. Даллол Афандининг олдига келиб ғазаб билан:
— Эшагингизнинг феъли ёмон экан. Олдидан келганни тишлайди, орқасидан келганни тепади. Бу эшакни биров текинга ҳам олмайди, - деса,
— Эшакни мен бу ерга сотгани олиб келганим йўқ, - деди афанди, — унинг менга кўрсатган азобини бошқалар ҳам татиб кўрсин, - деб олиб келган эдим.