Бир аёлнинг эри ўлим тўшагида ётса, хотини тепасида йиғлаб ўтирганмуш:
— Мени ташлаб кетяпсизми?! Мен ҳам тез орада ўлсам керак...!?
Эри зўрға кўзини очиб хотинига:
— Шошилма хотин! У ёқда бироз дам олишга имкон бер!!! - дермиш.
Маҳалла оқсоқоли мажлис ўтказиб турса, кимдир аксириб юборибди.
— Ким аксирди? - сўрабди оқсоқол.
Ҳеч ким жавоб бермабди.
— Ким аксирди деяпман?
Яна ҳамма жим...
— Охирги мартта сўраяпман, ҳозир ким аксирди??? - қатъий сўради оқсоқол.
— Мен, раис, - деб бир киши зўрға овоз чиқарибди.
— Соғ бўлинг!!! - дебди оқсоқол.
Бир куни Моргунов, Никулин, Вицин ов қилгани ўрмонга боришибди.
Моргунов шерикларига ҳар куни бир одам қорин тўйғазиш учун ов қилиб, битта ҳайвон тутиб келишни тайинлабди ва овнинг биринчи куни ўзи битта қуён ушлаб келибди. Уни пишириб, ебдилар.
Иккинчи кун Никулин битта кийик овлаб келибди. Ниҳоят навбат Вицинга келибди.
Ов қилиш у ёқда турсин, кулбадан чиқишга қўрқиб ўтирган Вицинни кулбадан зўрға чиқариб юборишибди. У эса қўрқа-писа ўрмон ичкарисига бораётган экан,олдидан катта шер чиқибди. Вицин оёғини қўлига олиб қочибди. Шериклари ёнига югуриб бориб, кулбага кирган экан, шер ҳам унинг орқасидан ичкарига кириб олибди. Вицин:
— Сизларга ўхшаб майда-чуйда овлаб юрмайман. Мана сизларга шер. Тушликка овлаб келдим, - деб эшикнинг орқасидан беркитиб қочиб кетибди.
Бир корхона раҳбари хорижга сафарга борибди. Қайтиб келгач, корхонадагиларга сафари тўғрисида гапириб бераётган экан, ишчилардан бири сўрабди:
— У ердагилар ҳам ўзбекча гапирар эканми?
Раҳбар ўйланиб туриб:
— Унисини билмадим-у, лекин ўзбекча қарсак чалар экан, - дермиш.
Ўқитувчи болалардан бирма-бир оилавий аҳволи тўғрисида сўрай бошлабди.
— Қани сен, тур-чи! Даданг нима иш қилади?
— Дадам солиқда ишлайди.
— Оилавий аҳволингиз қанақа?
— Ҳаммаси зўр!
Иккинчи болани тургизиб сўради:
— Сенинг-чи, даданг нима иш қилади?
— Ҳокимиятда ишлайди.
— Шароитинглар қанақа?
— О-о, класс!!!
Бир бола парта остига кириб кетай деб ўтирганмиш. Ўқитувчи уни кўриб:
— Сен нега беркиняпсан? Тур-чи!? Даданг нима иш қилади?
— Дадам тадбиркор.
— Оилавий шароитларингиз қанақа?
— Анави иккаласини дадаси бўлмаганида, биз ҳам зўр яшардик.
Ота ва ўғил шўрва ичиб ўтиришса, ўғил отасига:
— Ота шўрвангизни гўштини менга беринг, - деса,
ота ўғлига қараб:
— Ўғлим шу гўштни ейман деб бир коса сув ичдим, - дермиш.
Бир куни икки жинни гаплашиб ўтиришган экан. Бири ўрнидан туриб кетаётса, иккинчиси дебди:
— Қаерга кетяпсан?
— Сув ичишга.
— Мени ўрнимга ҳам ичиб кел, - дебди биринчи жинни.
Иккинчи жинни сув ичиб, ўзидан-ўзи кулиб қайтаётганмиш.
— Нимага куляпсан, - деса, жинни:
— Ўзимнинг ўрнимга крандан сув ичдим. Сенинг ўрнингга эса ариқдан, - дермиш.
— Ойи, музлатгичдаги гўштдан есам майлими?
— Йўқ болам, у гўштни қора кунларга асраб қўйганман.
— Чойимга шакар солсам-чи?
— Йўқ, шакарни ҳам қора кунларга сақлаяпман.
— Эҳ-ҳ, тезроқ ўша қора кунлар келақолсайди...
Кўчада қўшни аёлни кўриб қолиб, ундан сўрадим:
— Қаерга кетяпсиз?
— Вазирликка. Тартибга келтириб келиш учун.
— Қойилман! Жуда-ям журъатли экансиз-ку?!
— Йўқ, мен шунчаки у ерда фаррошман...
Директор бир ўқувчига мактаб деразаларини бўяшни буюрганди. Икки соатдан сўнг ўқувчи директордан сўради:
— Ромлариниям бўяйми?