Дўкон-бозор ҳақида латифалар

Заргарлик дўконига кирган йигит соатларга қараб турса, сотувчи қиз келиб дебди:
— Ҳурматли мижоз, сизни омадингиз бор экан. Бизда аёллар зиракларига чегирмалар бошланди. Севган қизингизга арзон нархларда зирак сотиб олишингиз мумкин.
Йигит хафа бўлиб:
— Севган қизим йўқ мени, - дебди.
Сотувчи яна:
— Қанақасига?! Шундай келишган йигитни севган қизи бўлмаса?! Нега ахир? – деса, йигит яна хафа бўлиб:
— Хотиним рухсат бермаяпти, - дермиш.
Эр-хотин дўкон айланиб юрса, хотини эрини ёнига чақириб:
— Манави кўйлакни қаранг, чиройли экан-а? – дебди:
Эри:
— Ҳа, чиройли экан. Нега кўйлакка телефон рақамини ёпиштириб қўйишган? – деб сўрабди.
Хотини:
— Бу телефон рақами эмас, кўйлакни нархи... – дермиш.
Ҳурматли эркаклар! Хотинингиз бозорда қиммат кўйлак кийиб олиб, “Шуни олиб берасиз!” деб туриб олишса, буни йўли жуда оддий.
“Жуда чиройли кўйлак экан-ку, сени семиз қилиб кўрсатяпти” десангиз бас! Бир зумда бундай катта чиқимдан қутуласиз-қўясиз...
Хотинини устидан кулишни ёқтирадиган эр дўкон кассаси ёнига келгач, қўлидаги 10 кг қўй ёғи ва гўштни кўрсатиб хотинига дебди:
— Бўлди, бас қил! Илтимосларингни бажардим. Мана ёлвориб сўраган нарсаларинг! Шунча олганим етар ахир...!
Бозорда бир чаққон йигит: "кеп қолинг, оп қолинг, Хитой банани, янги келтирилган" деб реклама қилаётганмиш.
Бир опахон келиб:
"Хитойники деманг, вирусдан қўрқиб, ҳечким олмайди" деса, сотувчи йигит: "яхши кетаяпти, опа, кимдир қайнанасига, кимдир бошқасига деб олаяпти" дермиш...
Бугун корзинкада аравачага бир талай озиқ-овқатларни тўлдириб олган иккита йигитга кўзим тушди.
Бири иккинчисига:
— Шунча гречка, ун ва шакарларни нима қиламиз? - деса, иккинчиси:
— Менимча ғирт аҳмоқгарчилик билан шуғулланяпмиз! - дебди.
Кейин яна биринчиси:
— Кўп гапирмасдан ёғдан ол! Қара ҳамма олиб кетяпти. Ҳозир қолмайди...! - дермиш.

Қимматбаҳо мўйнали пальто сотиб олган аёл сотувчидан сўраяпти:
— Бир нарса илтимос қилсам майлими? Пальтони уйимга элтиб беришганда, меникига киришдан олдин “адашиб” қўшнимнинг эшигини тақиллатишларини хоҳлардим...

Эримни дўконга юборсам, дўконлар бўм-бўш эмиш. Ҳеч нарса қолмабди. Ҳатто, туалет қоғози вазифасини вақтинча газеталар бажарадиганга ўхшайди.
Карантинда ўтириш жуда фойдали экан.
Битта пакетга 2078 та, иккинчи пакетга эса 3020 та гречка донасини солиб бизни алдаб юришган экан инсофсизлар! Бугун шуни аниқладим!

Дўконга кирсам, расталар бўм-бўш! Ҳамма нарсани олиб кетишибди. Ун йўқ, гуруч йўқ, гречка йўқ, шакар йўқ, ...
Жанжал кўтардим. "Нега ҳеч нарса йўқ" деб бақирдим. 3 киши мени ҳайдаб чиқаришди. Нима эмиш?! Бу мебель дўкони эмиш...!