Дўкон-бозор ҳақида латифалар

Азизжон минимаркетда савдо қилиб ўтирса, биттаси югуриб келиб:
— Новот борми? - деб сўрабди.
Азизжон:
— Ҳа, бор - деса, бояги одам:
— Ширинми? - деб сўрармуш.
Афанди бозор айланиб юриб, мевафурушлар растасига кириб қолди, қараса: ўрик қоқи, турли-туман майизлар, писта, бодом, нок, узум ва бошқа мевалар уюлиб ётибди-ю, сотувчилари қимирламай ўтиришибди. Афанди ҳассасининг учини бир боққолнинг кўзи олдига олиб борди. Бундан чўчиган боққол:
— Э бадбахт, қанақа одамсан, кўзимга тиқиб оласан-ку,— деди.
Афанди ҳамма эшитадиган қилиб деди:
— Ахир, кўзларингиз бор экан-ку, нега бу мевалардан емай ўтирибсиз?
Бир дудуқ дўконга кириб АHMAD чойини оламан деб, ААТКО чойини сотиб олибди.
Китоб сотувчи харидорлардан бирига «Кулгили ҳикоялар» китобини узатиб:
— Шу китобни олинг, жуда қизиқ, кулавериб ўласиз,— деди.
— Ўзингиз бу китобни ўқиганмисиз?—сўради харидор.
Уларнинг гапига қулоқ солиб турган Афанди китоб сотувчига ишора қилиб:
— Ўқиган бўлса тирик қолармиди,— деди.
Бир чол кампири билан бозорга борибди.
Чол: — Сенга ўзим бир бош оёқ кийим оберай.
Кампир — Ҳоп, дадаси.
Чол сотувчи жувонни олдига бориб:
— Қизим бу кўйлакларинг неча пул?
Сотувчи: — 30 000
Чол: — Ҳа, яхши. ааа, бу лозимингчи?
Сотувчи: — 40 000
Чол: — Эхе, бу қизим қиммат айтдинку. Қизим бундай қиламиз кўйлагинг яхши экан, майли кўйлагингни кўтарамиз, лозимингни туширамиз. Қанчага берасан?
Шунда кампир:
— Ҳай, яшамагур чол-а
Эрта тонгда бозорга жўнаган эридан хотини сўрабди:
— Ҳа, қаёққа йўл олдингиз?
— Бозордан от сотиб оламан, - дебди эри.
— Худо хоҳласа денг адаси! – дебди хотини.
Эри бўлса:
— Пулим бор. Бозорга кетяпман. Худо хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам аниқ от оламан, - деб бозорга кетибди.
Бозорда юриб-юриб бир отни танлабди-да, чўнтагига қўлини солса, пуллар йўқ эмиш.
Уйга бўш қайтган эридан хотини:
— От қани адаси? – деб сўраса, эри:
— Худо хоҳласа кисавурлар ўғирлаб кетишди, - дермиш.
Китоб дўконида:
— Кеча мен сизлардан “Миллионер бўлиш сирлари” деган китобни сотиб олган эдим.
— Ҳўш?
— Китобнинг деярли ярми йўқ экан.
— Нима, сизга ярим миллион етмайдими?
Узоқ вақт кўришмаган иккита ўртоқ кўришиб қолибди:
— Қалайсан дўстим? Нима иш қиляпсан?
— Бизнес. Ўзинг-чи?
— Мени ҳам бизнесим бор. Сенда нима бизнеси?
— Шаҳар марказида рестораним бор. Кундузи беш-олтита, кечаси сал кўпроқ мижоз киради. Сенда-чи?
— Менда тумонот одам навбатда туради. Келажакда яна кенгайтиришни ўйлаб турибман.
— Ҳавасим келяпти? Бизнесинг каттами?
— Жуда катта. 2 та бозорнинг ўртасида сомсахона очганман!
Дўконда сотувчи харидор узатган пулларга қараб:
— Сиз бу пулларга ҳеч нарса сотиб ололмайсиз. Ахир бу пулларингиз сохта-ку! – деса, харидор:
— Мен бу пулларни майдаламоқчиман холос! Ҳеч нарса сотиб олмайман! – деган экан.
Хотин эрини дўконга жўнатаётиб тайинлабди:
— 1 та буханка нон олингда, тухумни сўранг. Бор бўлса, 10 та олинг!
Эри дўконга кириб сотувчига дебди:
— 1 та буханка беринг. Тухум борми?
— Бор, - дебди сотувчи.
— Унда 10 та буханка берасиз, - дермиш эри.