Касалхонада ҳақида латифалар

— Доктор, раҳмат сизга. Агар сиз бўлмаганингизда 5 йил аввал ўлиб кетган бўлардим.
— Нималар деяпсиз бемор?! Сизга раҳмат. Агар сиз ўлиб кетганингизда, мен ҳалиям эски Матизни ҳайдаб, Каптивани орзу қилиб юрган бўлардим.
Стоматология поликлиникаси йўлагида асабийлашиб сигарет чекиб юрган врачни учратган ҳамшира ундан сўрабди:
— Нима бўлди, тинчликми? Беморингизни тишлари жуда ёмон аҳволдами?
Врач асабийлашиб дебди:
— Қани энди шундай бўлганида... Беморимни ҳамма тишлари соғлом, лекин уни пуллари кўп!!!
Бир аёл шифокорга келиб шикоят қилибди:
— Эрим туни билан уйқусида гапириб чиқяпти.
Шифокор:
— Хавотир олманг! Бир дорини ёзиб бераман. Шундан ичиринг, гапирмай ухлайди.
Аёл:
— Йўқ доктор! Эримга гапларини аниқ гапирадиган доридан ёзиб берақолинг...
Бир аёл шифокор ёнига келиб дебди:
— Доктор менга ёрдамингиз керак!
— Нима шикоятингиз бор?
— Тўйдан кейин кўзим умуман пулларни кўрмайдиган бўлиб қолди...
Врач беморга деди:
— Сизнинг касаллик варақангизни кўздан кечириб, қўрқиб кетдим.
— Нега? Ёмон дардга чалинибманми?
— Ундан ҳам баттар!
Бемор ҳушдан кетиб йиқила бошлаганди, врач қўшиб қўйди:
— Ўзингизни босинг! Сиз яшайдиган тумандаги беморларга бизнинг поликлиника хизмат кўрсатмас экан, холос.
Янги очилган шифохонада эълон ёзиб қўйилибди:
“Биз сизнинг дардингизга шифо топсак, сиздан 50 минг сўм бўлади. Агар топа олмасак, бизнинг шифокорларимиз сизга 100 минг сўм пул беришади. Кафолатланган!”.
Эълонни ўқиган йигит шифокорларни лақиллатиш мақсадида кириб дебди:
— Доктор, мени таъм билиш қобилиятим йўқолди.
— Мана бу дамламани ичиб кўринг бемор.
— Ие, нималар қиляпсиз?! Ахир бу бензин экан-ку!
— Ана, таъм билишингиз ўзингизга қайтди. 50 минг тўлаб кетинг.
Эртаси куни “бемор” йигит яна келиб, “Бугун докторни чув тушираман” деб:
— Доктор, мени кўзларим кўрмаяпти.
— Кечирасиз бемор! Бу дардингизни даволай олмасак керак. Мана сизга 100 минг сўм, шифохона ҳисобидан.
— Шошманг! Бу ерда 50 минг сўм-ку!
— Табриклайман! Кўриш қобилиятингиз қайтди! Пулни қайтариб беринг-да, кассамизга 50 минг тўлаб кетишни унутманг!
80 ёшларга бориб қолган онахон шифохонада.
Врач:
— Онахон, биз сизни яхшилаб текширувдан ўтказдик. Сиз бутунлай соғломсиз. Яна бир мартта шикоятингизни менга эслатиб юборинг.
Онахон:
— Айтдимку болам, автобусни орқасидан югуриб, етай-етай деб қолганимда сал-пал ҳансираб қоляпман...
Шифокор бемордан сўради:
— Ҳўш, бугун қандай ухладингиз?
Бемор жавоб берди:
— Шу..., тунги кўйлакда, яланг оёқ, қоронғу хонада ухладим.
Бир йигит дўстини ёнига келиб деди:
— Шифокорнинг айтишича, менинг саккиз соатлик умрим қолибди. Юр, туни билан шаҳар айланамиз, бор пулимга ресторанда ўтирамиз.
Дўсти унга:
— Ҳо-о, сен эртага барибир уйғонмайсан. Мен бўлсам эрта туриб ишга боришим керак.
Бир одам тишини олдириб келибди. Шериги:
— Тишинг ҳалиям оғрияптими?, - деса,
— Билмадим, ўша ерда қолди, - дебди.