Сўровнома:
— Сизга қайси канал ёқади?
— UZREPORT TV.
— Нимаси ёқади?
— Ер шарини айланиб туриши.
Маст ҳолда уйга келган эри ерга ётиб ухлаб қолибди.
Ҳеч нима қила олмаган хотини уни бошига ёстиқ қўйиб, устига кўрпа ёпиб қўйса, ярим кечаси эри бақираётганмиш “Хотин чироқни ёқ! Негадир краватни охири кўринмаяпти, туша олмаяпман!”
Икки дугона суҳбатларидан:
— Йигитим билан тўй кунимизни ҳеч танлай олмаяпмиз.
— Нега? Шунчалик қийин эканми?
— Ҳа... Мен баҳорда, қилайлик, масалан 30 мартда десам, у 30 февралда тўй қиламиз дегани-деган...!
Эр-хотин ва ўғли Самарқанд шаҳрини айланиб юришган экан. Ўғли онасидан сўрабди:
— Сиз қаерда туғилгансиз?
— Қўқонда.
— Ада сиз қаерда туғилгансиз?
— Қаршида.
— Мен-чи?
— Тошкентда.
— Қандай яхши-я! Уччаламиз учта жойда туғилиб, бир жойда учрашиб турибмиз.
Хотин эрига қўнғироқ қилиб дебди:
— Адаси, сизга иккита янгилигим бор. Биринчиси яхши, иккинчиси ёмон.
Ғазабланган эр:
— Ёмонидан бошла!
— Ёмони шуки, каптивани уриб олдим.
— Яхшиси-чи?
— Бошқа бундай қилмайман...
Бир бадавлат эркак машинасида кетаётса, йўл четидаги чимни еяётган дайди одамни кўриб қолибди. Машинасидан тушиб унга:
— Ҳой нима қиляпсан? Нега ўт еяпсан? – деб сўраса, дайди:
— Нима қилай? Қорним оч... Ҳеч бўлмаса шу чимни “ғажиб турай” – дебди.
Бой машинасини эшигини очиб:
— Чиқ! Бугун мен саҳийман! Кетдик, бир жойга олиб бораман, - дебди.
Камбағал дайди машинага чиқиб, ўзида йўқ хурсанд бўлиб:
— Ҳамма одамлар бойларни зиқна, баҳил дейишади. Аслида унақа эмас экан-ку! – деса, бойвачча:
— Бугун мен жуда саҳийман. Ҳозир сени далаҳовлимга олиб бораман. У ердаги чимни ўришга анчадан бери вақтим бўлмаётган эди. Истаганингча еявер! – деган экан.
Ўқитувчи сўрабди:
— Болалар, мактабимизга текширув келган. Ҳозир улар бизни синфга кирганларида нима деймиз?
— Ассалому алайкум деймиз.
— Чиқиб кетаётганида-чи?
— Ҳайрият-ей деймиз! – дейишибди.
Ўрмонда маймун югуриб кетаётиб бақирармиш “Нархлар яна ошибди, нарх-наво кўтарилибди...”. Олдидан бўри чиқиб сўрабди:
— Нега бақиряпсан?
— Нархлар ошибди, эшитдингизми? – дебди маймун.
— Нима бўпти? Менга нима?! Аввал гўшт еб юрганман, бундан кейин ҳам еявераман! – дебди бўри бепарво.
Маймун яна йўлида югуришда давом этибди, “Нархлар ошиб кетибди...!”
Уни олдидан тулки чиқибди.
— Нима деяпсан?
— Ҳамма нарса ошиб кетибди...
Тулки ҳам парво қилмай:
— Менга умуман фарқи йўқ! Аввал мўйна кийиб юрганман, бундан кейин ҳам мўйнада юраман! – деб жавоб берибди.
Шунда маймун ўйлаб туриб:
— Ростан ҳам, менга-ям фарқи йўқ-ку! Аввал қандай ялонғоч юрган бўлсам, бундан кейин ҳам шундай юравераман, - дермиш.
Эрдан хотинига СМС:
— Хотин, ишхонада оёғимга темир тушиб кетди. Мафтуна шифохонага олиб келди. Энди оёғимни кесишар экан...
Хотиндан СМС:
— Мафтуна ким?!
Чақалоғи билан ўйнаб ўтирган аёл:
— Сенга мазза-да... Овқатланасан, ухлайсан, хожатдан кейин яна овқатланасан, ... ухлайсан... – деб боласига гапираётса, қўшни хонада телевизор кўриб ётган эри:
— Ҳаққим бор! Бугун якшанба - дам олиш куним! – дермиш.