Бир одам сеҳрли чироқ топиб олибди. Чироқни ишқаласа, ичидан жин чиқиб “3 та тилак тила” дебди.
Ҳалиги одам дебди:
— Менга 2 қаватли ҳовли бергин. Ҳовлини ўртасида Малибу машинаси ва машина ичида янги iPhone 11 Pro бўлсин. Бу биринчи тилагим!
Мактабда оралиқ имтиҳон топшириладиган кун. Дарс бошланибди. Ўқитувчи:
— Ҳозир имтиҳон топширасизлар.
— Устоз, калькулятордан фойдалансак бўладими?
— Бўлади.
— Менделеев жадвалидан-чи?
— Бемалол. Ёзинглар, мавзу “Иккинчи жаҳон уруши”.
Эрининг ҳар куни ичишини кўрган аёли “Мен ҳам ичаман” дея ҳарҳаша қилибди.
Эр-хотин зиёфатдан ичиб қайтишибди. Уйининг эшиги олдига келиб, эри чўнтагидан калитни тополмай турса, хотини унга қараб:
— Одам бўлмай кетинг! Шунчалик ҳам ичасизми?! Эшик қани? Нима қилдиз ўзи эшикни? –дермиш.
Балиқ дўконига кириб каттакон лаққа балиқни сотиб олган харидор сотувчига дебди:
— Илтимос, шу балиқни пештахтанинг нариги ёғида туриб, менга отсангиз, мен уни илиб оламан.
— Нега? – ҳайрон бўлиб сўрабди сотувчи.
— Шунда мен дўстларимга “Балиқни ўзим тутдим!” деб бемалол мақтанган бўлардим-да, - дермиш харидор.
Қўшнимникига кирсам, хотини қўй гўштидан шўрва қилган экан. Мени кўриб энсаси қотди.
— Адаси келақолинг, овқат пишди, - деди-да, эрига бир косада шўрва, бир лаганда гўшт олиб келиб ёнига қўйди. Қорним оч, нима қилишни билмай, ичимда “Шошмай тур!” деб турсам, қўшним:
— Гўштдан олинг, - деб қолди. Лагандаги гўштга қўл узатиб бир бўлагини тишладим-у, “Вой-дод” деб ерга ағанадим.
Шу пайт қўшним мени кўриб қўрқиб кетди-да, хотинига:
— Сен жодугар мени заҳарламоқчи бўлдингми? – деб ўдағайлаб қувлаб кетди.
Секин ўрнимдан турдим-да, шўрва ва бир лаган гў штни паққос тушириб “Зиқна бўлиш шунақа бўлади!” деб уйимга жўнавардим.
Таксига ўтирган аёл ҳайдовчининг қоидабузарликлари, машинани қалтис ҳайдашини кўриб, танбеҳ берибди:
— Илтимос, эҳтиёткорроқ бўлиб ҳайдасангиз. Мени 4 та болам бор. Соғлиғим ўзимга керак!
Ҳайдовчи аёлга ўгирилиб қараб:
— 4 та болам бор деяпсиз-у, соғлиғингиз ва эҳтиёткорлик ҳақидаги чўпчакни қаердан олдингиз?!
Эр эрталаб уйқудан уйғониб, "Хотин!", - деб чақирса, хотини югуриб кириб:
— Турдингизми азизим? – деса, эри жилмайиб:
— Ҳа, турдим балиқчам! Нонуштани тайёрланг! - дебди.
Хотини ҳам жилмайиб:
— Ҳўп бўлди айиқ полвоним, - деб чиқиб кетаётса, эри ўзига-ўзи пичирлаб: "Нима бало у ҳам мени исмимни эсидан чиқариб қўйдимикин”, - дермиш.
Бир аёл дугонасига ҳасрат қилибди.
— Вой, дугонажон! Мен яқинда суваракка айланиб қолсам керак...
— Нега?
— Эримга “Озаман” деб сўз бергандим. Энди фақат кечалари қоронғу ошхонага чиқиб, беркиниб овқатланяпман. Кимдир чироқни ёқса, ўзимни қаёққа қўйишни билмай шошиб ҳар томонга югуриб қоламан.
Телеграм абонентининг қасамёди:
“Мен Телеграм сафига кирар эканман, сўнгги зарядим тугагунча, охирги мегабайтимни ҳам сарфлаб онлайн бўлишга, Спам бўлсам ҳам ''Deleted account '' қилмасликка ваъда бераман. Агар амал қилмасам ''Сonnecting ''га мубтало бўлай!”
Бой амалдорнинг ўғли машинасида 2 кишини уриб юборибди. Бири машинанинг олд ойнасига урилибди. Иккинчиси эса йўл четидаги ариқ ичига тушиб кетибди.
Суд иши кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилаётганмиш:
“Биринчи пиёда машинанинг олд ойнасини синдиргани учун 2 йилга, иккинчи пиёда воқеа жойидан яширингани учун 3 йилга озодликдан маҳрум этилсин!”