Бир эркак 10 қаватдан пастга йиқилиб тушибди. Ҳавода пастга тушаётган эркак ўзига-ўзи дебди:
— Агар тирик қолсам, ичишни, чекишни ташлайман, хотинимга вафодор бўламан!
Омади келиб қолиб, шалоплаб ҳовузга тушибди. Сувдан бошини чиқариб:
— Пастга тушгунимча 5 сония ўтди-ю, бошимга минг хил бемаъни фикрлар келди-я, - дермиш.
Уч яшар Сардор бувисига деди:
— Бувижон! Сиз доимо: «Шакарнинг ҳам ози ширин», - дердингиз. Боғчага шунча бордим, бўлди-да энди!
Афанди бир жойда тўй бўляпти деб эшитди, гарчи таклиф қилинмаган бўлишига қарамай, тўйга жуда ҳам боргиси келибди. Ўйлаб-ўйлаб баҳона топибди. Бир варақ қоғозни тўрт буклаб, чўнтагига солибди-ю, тўйхонага отланибди. Тўй эгасига бориб:
— Сизга қозидан хат,— деб қоғозни берибди. Тўй эгаси қувониб, хатни олиб, Афандини тўйхонага киргизиб тўрга ўтказибди. Афанди эса вақтдан фойдаланиб, дастурхондаги нози-неъматларни бир бошдан ея бошлабди.
Тўй эгаси қоғозни очиб қараса, бўм-бўш.
— Қоғозда ҳеч нарса ёзилмаган-ку! - дебди афандининг ёнига бориб.
— Ишлари зарур бўлгани учун қоғозга хат ёзишга қўллари тегмади,— дермиш Афанди.
Икки яқин дугоналар суҳбатлашмоқда:
— Эшитишимча, йигитинг билан ажралишибсизлар...?
— Ҳа!
— Нима бўлди? Орангиздан бирор гап ўтдими?
— Масалан сен, ҳар куни ичадиган, тинимсиз чекадиган, сўкиниб гапирадиган ва ҳатто қўл кўтарадиган одам билан бирга яшай олармидинг?
— Йўқ, албатта!
— У ҳам бунга чидай олмади.
Ҳар куни ичиб, маст бўлиб юрадиган одамдан сўрашибди:
— Нега ҳар куни ароқ ичасан?
— Унутиш учун, - дебди.
— Нимани унутиш учун?
— Ароқхўрлигимни унутиш учун!
Кунларнинг бирида хўроз товуқни ресторанга таклиф қилибди.
Ресторанда официант:
— Нима буюрасизлар? - деса, хўроз:
— Менга битта грилл, товуқга эса тўртта қайнатилган тухум олиб келинг, - дермиш.
— Дугонажон, кеча эрим мени хафа қилди.
— Нега? Нима бўлди?
— Гўзаллик салонига 300 минг сўрагандим.
— Бермадими?
— Менга тикилиб қараб турди-да, 500 минг берди!
Ўқитувчи болаларга ой ҳақида ҳикоя қилди:
— Ой жуда катта сайёра. У ерда миллиондан зиёд одамлар яшаши мумкин.
— Менда бир савол бор, - деди бир ўқувчи.
— Хўш, нима дейсан?
— Ой яримта бўлиб қолганда одамлар қандай сиғишади?
Афандининг уйига ўғри кирган экан. Афанди сандиқ ичига беркиниб олибди. Ўғри уйни ахтариб, қўлга киргудек ҳеч нарса топмай, сандиқни очиб қараса, Афандини кўриб қолибди. Ўғри:
— Сандиқнинг ичида нима қилиб ётибсиз?— деса, Афанди:
— Уйда сенбоп ҳеч нарса йўқ, шунга хижолат бўлганимдан беркиниб олдим,— деган экан Афанди.
Бола ўртоғига норози бўлиб деди:
— Итим сенга ёқмадими? Нега унга афтингни қийшайтиряпсан?
— Аввал ўзи бошлади-ку!