Жиноятчилар ҳақида латифалар

Банкка босқинчилар кириб ҳаммага бақира бошлашибди:
— Тескари ўгирил, ёт! Агар ким бизни юзимизни кўрса, отиб ташлаймиз!
Бир одам:
— Мен кўрдим, - деб юборибди. Шу заҳоти тўппончани олиб отиб ташлашибди. Яна сўрашибди:
— Яна ким кўрди?! - деса, четроқда ётган одам:
— Мени хотиним кўрди, - дермиш.
Судья судланувчига:
— Нега ўзингизга ҳимоячи олмадингиз?!
Судланувчи:
— Жаноб судья қайси адвокатга мурожаат этмай, жиноят ишида айтилган ўша беш миллион долларни хақиқатдан олмаганимни эшитишлари билан менга ҳимоячи бўлишни рад этишяпти.
Қари отахон йўлда кетаётса, бир барзанги йигит тўхтатиб:
— Ҳозир шунақа латифа айтаман, агар кулсанг 5000 берасан, - дебди.
— Майли, - деб отахон тишини-тишига қўйиб кулмай эшитибди. Латифа тугагач, отахона кулмаётганини кўрган йигит:
— Айтганча, мажбуран кулмасанг 10000 берасан, - дермиш.
Ҳайвонларни илмий текшириш институти ходими сувараклар устида тадқиқот олиб бораётган экан. Лаборатория текширувларини ўтказиш учун уйидан беш-ўнта суваракларни ушлаб, гугурт қутисига солибди-да, ишхонага йўл олибди. Бироқ ўша куни уйга қайтмабди. Ҳавотир олган хотини милицияга хабар берибди, қариндошлари, эрининг дўст-у биродарларидан суриштирибди. Ҳеч қаерда йўқ эмиш. Охири касалхоналарни қидириб юрса, бош-оёқ гипсланган эрини топибди. Эридан:
— Сизга нима бўлди?, - деб сўрабди хотини.
Эри эса:
— Аниқ эсимда йўқ. Ишга кетаётсам, кўчада бир барзанги йигит гугурт сўраган эди. Гугурт қутисини узатганимни эслайман холос..., - дебди.
Бир куни ўғри бадавлат хонадонлардан бирига ўғриликка тушибди. Уйда ҳеч ким йўқлигида келиб, аста эшик қулфини буза бошлабди. Шу пайт домофон ишга тушибди:
— Ассалому алайкум! "Ақилли уй" тизимига хуш келибсиз. Билишимча сиз ўғрисиз ва уйни шип-шийдон қилгани келгансиз. Тўғрисини айтганда, мен бу уй эгасини жуда ёмон кўраман. Сабаби у мен билан доим қўпол муаомалада. Шунинг учун сизга эшикни ўзим очиб бераман.
Шу пайт эшик очилибди. Ўғри эсини йўқотиб қўяй дебди. Ҳалиги овоз эса гапиришда давом этирмуш:
— Эшик олдида турган қопларни олинг. Барча бойлик шуни ичида. Фақат тезроқ кетишингиз керак. Бир дақиқадан сўнг сигнал товуши ишлаб кетади. Тезроқ! Тезроқ!
Ўғри қопларни кўтариб, жон ҳолатда қочиб қолибди.
Уч соатдан сўнг уй эгаси қайтиб келса, домофон ишга тушибди ва дебди:
— Ассалому алайкум хўжайин! Уйдаги ахлатлар ташланди!
Бир йигит мафия бошлиғини қизини севиб қолибди. Бундан хабар топган отаси хизматкорларига йигитни ушлаб келишларини буюрибди.
— Мени қизимни тинч қўясанми?
Йигит:
— Мен уни севаман!
Отаси:
— Дарҳол бунга қизларни кийимини кийдириб, лаб-юзларига аёллар бўёқларини суртиб, маҳалласига ташлаб кетинглар!
Барзанги хизматкорлар машинада олиб кетаётишса, бола ялина бошлабди:
— Йигитлар, илтимос, мени қўйиб юборинглар. Ундай иш қилиб, шарманда қилманглар, ахир мен ўғил боламан-ку! Кейин маҳаллада қандай қилиб бош кўтариб юраман?!
Машина бироз юргач, бир барзангини телефони жиринглабди:
— Лаббай хўжайин!
— Қизимни яна битта ошиғи бор экан. Йўл-йўлакай уни ҳам қўшиб олинглар! Уни яхшилаб дўппослаб, таниб бўлмас қилиб, кимсасиз жойларга ташлаб кетинглар! - дебди қизнинг отаси. Буни эшитган ошиқ йигит хушёр тортиб:
— Илтимос акалар, менга қизларни кийимини кийдириб, лаб-юзларимга аёллар бўёқларини суртиб, маҳалламга ташлаб кетасизлар! Тағин анави иккинчи бола билан адаштириб юборманглар, - дермиш.
Қамоқхона бошлиғи соқчига дебди:
— Ҳамма ёқни тартибга келтиринг! Бу ерга ҳоким келяпти.
Соқчи хурсанд бўлиб:
— Ваниҳоят, охири қўлга тушибди-да, ...
Бир миллионер одамни ўғирлаб кетишибди. Кўл бўйига олиб бориб, бошини сувга тиқиб-чиқариб:
— Пуллар қаерда? Пуллар қаерда?, - деб сўрайверишибди ўғрилар.
Бояги бой нафаси бўғилиб:
— Йигитлар, пуллар кўринмаяпти. Ёки чуқурроқ киришим керак, ёки сув остида узоқроқ ушлаб туринглар-да..., - дермиш.
Босқинчилар ароқ ва шароб ишлаб чиқариладиган корхонани гаровга олишибди. Лекин, уч кун ўтиб ҳам ўзларининг шартларини айта олишмасмуш...
Бир киши боғига кирса, бир тўда болалар дарахтга чиқиб олиб мева тераётган экан:
— Ҳой болалар, қани тез тушинглар-чи! Бўлмаса дадаларинга айтиб бераман, - деса, болалар:
— Ҳечқиси йўқ. Дадамиз бизни уришмайдилар! Чунки дадамизнинг ўзлари нариги шоҳда ўтирибдилар, - дермиш.