Ўқиш-мактаб ҳақида латифалар

— Хўш, Ҳусанов! Ер қандай шаклда?
— Тўртбурчак устоз.
— Яхшилаб ўйлаб кўр! Ерни шакли қандай?
— Учбурчак устоз.
— Чиқ синфдан! Сендек ўқувчи ҳеч кимга керакмас!
— Бекор қилдингиз! Устоз, ҳали кўришамиз! Ер думалоқ!
Бувиси набираси билан кўчада кетаётса, ўқитувчиси келаётганмиш.
Бувиси:
— Беркин! Ўқитувчинг келяпти! Бугун дарсга бормадинг-ку! - деса, набираси:
— Сиз беркининг! Сизни ўлиб қолдилар деганман, - дебди.
Хотини туғруқхонага кетган эр тўнғич фарзандини уйқудан уйғотиб, кийинтириб, чой ичириб боғчага олиб борибди.
— Шу сени боғчангми?
— Йўқ, ада!
Бошқа боғчага олиб келиб:
— Шунисими?
— Йўқ! Бу боғчани ҳатто кўрмаганман ҳам.
Яна бошқа боғчаларга олиб келиб:
— Шунисими? Шунисими? - деб юрса, ўғли:
— Ада, яна бироз боғчама-боғча юрсак, мактабимга кеч қоламиз! - дермиш.
— Мактаб бозори қилдингизми?
— Ҳа! Кундалик, валерианка ва камар сотиб олдим.
Мактабда юқори синф ўқувчилари орасида "бошлиқ" ўқувчи ҳаммага лақаб қўя бошлабди.
— Махмуд, сени "Найнов" дейман. Қодир, сени "Полвон" деб чақираман. Сарвар, сени "Кимё" дейман.
Сарвар:
— Нимага мен "Кимё" бўларканман!?
— Чунки сени кўрсам, асабим "ўйнайди"!
Мактабда ўқитувчи болалардан уйга вазифани текширибди.
Биринчи ўқувчи:
— Тушунмадим, - дебди.
Иккинчиси:
— Вақтим бўлмади, - дебди.
Учинчиси бўлса:
— Менга баҳона қолмади-ку! - деган экан.
Ўқитувчи Азизжондан сўради:
— Сен катта бўлсанг ким бўласан?
Азизжон:
— Камбағал бўлмоқчиман.
Ўқитувчиси:
— Нега? Ахир бу яхши эмас-ку!
Азизжон:
— Чунки дадам икки қават ҳашаматли уйлар, қимматбаҳо машиналарни ёнидан ўтаётиб, "Қара ўғлим, камбағалларни уйи экан..." - дейдилар.
Мактабда иккита ёши катта кишилар учрашиб қолибди:
— Кечирасиз, сиз ўғлингизга келган бўлсангиз керак?!
— Йўқ, мен синфдан-синфга қолавериб мактабни ҳалиям тугата олмадим. Сиз-чи? Турмуш ўртоғингиз ўқитувчи бўлса керак, уни кутиб олиш учун келдингизми?
— Қаёқда?! Дадамни дарслари тугаса, уйга олиб кетиш учун келдим.
Синф ўқувчилари "Ким хунукроқ" ўйинини ўйнаётган экан.
Болалардан бири:
— Бўлди, Акбар ютди! - дебди.
Акбар бўлса:
— Мен ўйнамаяпман, - дермиш.
Фарзандимдан карра жадвалини сўраётган вақтимда ўзимни телебошловчига ўхшатаман.
Ҳеч нарсани билмайман. Лекин бош чайқаб тураман.