Овқатланиш ҳақида латифалар

Бир эркак ҳуштори билан ресторанда ўтирса, ёнига битта одам келиб:
— Аёлингиз билан рақсга тушсам майлими?,- дебди.
— Йўқ, биз ҳали шароб ичмадик, - дебди бояги эркак.
— Кечирасиз, аёлингизни рақсга таклиф этсам майлими?, - дебди яна.
— Йўқ, биз ҳали овқатланмадик, - деб жавоб берибди.
Шунда аёл ўрнидан туриб:
— Нега ундан сўрайсиз? Ўзимдан сўранг!, - деса, иккала киши ҳам бараварига:
— Эркаклар гаплашаётганида сен жим тур!!!, - дермиш.
— Дўстим биласанми? Корейслар билан автоинспектор ходимларининг ўхшаш тарафи нимада?
— Билмадим. Нима экан?
— Иккаласи ҳам таёқчада овқатланишади.
Иккита турист ўрмонда айланиб юрса, олдидан баҳайбат айиқ чиқиб қувлаб кетибди. Қўрққанидан қочиб кетаётган туристлар, ўрмонда зиёфат қилиб ўтирган ўзбек йигитларини дастурхонини вайрон қилиб ўтиб кетишибди. Шунда ўзбеклардан бири туристларни қувлаб кетибди. Уларга етиб олиб, бир муштдан тушириб қайтиб келса, бошқа ўзбек сўрабди:
— Қани улар?
— Уриб келдим. Ўзи нимадан қочишди?
— Нимадан қочишганини билмадим-у, лекин анави жигарранг, катта шериги ҳам бор экан. Калтакка чидар экан, зўрға йиқитдим, - дермиш.
Узоқ йўлга юрадиган юк машинаси ўтирган ҳайдовчи косачадан овқат еяётган экан, ёнидан кучук ўтиб кетаётиб:
— Салом оғайни! - дебди.
Ҳайдовчини жаҳли чиқиб:
— Қанақасига сенга оғайни бўлай!? - деса,
— Кичкина уйчада яшайсан, косачадан овқат еяпсан, хўжайнинг ҳам бор бўлса керак...?! - деган экан кучук.
Хотин эрига дебди:
— Адаси, ишдан қайтишингизга сомса ва палов пиширдим, ейсизми?
Эр:
— Албатта, кун бўйи фақат шулар ҳақида ўйладим...
Хотин:
— Мен ҳақимда-чи?!
Эр:
— Албатта сени ҳам эсладим. Ахир сомса ва паловни сен пиширасан-ку!
Бир куни жиннихона бошлиғи жинниларни синаш учун ҳаммасига бўш ликопча бериб:
— Овқатингларни еб олинглар, - дебди.
Ҳамма жиннилар липопчани тақиллатиб овқатланаётган ҳаракат қилаверишибди.
Фақат биттаси емасдан ўтирса, бошлиғи:
— Нега овқатингни емадинг? - деса, жинни:
— Булар жинни-да, иссиқ овқатни ейишяпти. Мен совиса ейман, - дермиш.
Манти билан чучвара бир-бирларини севишар эди. Бир кун чучвара сомсага турмушга чиқиб кетибди.
Бунга чидолмаган манти ўзини лағмонга осиб қўйибди.
Бир кампир қўзиқориндан заҳарланиб врачга борибди. Врач кампирга:
— Онахон, ҳар нарсани еяверманг-да! – деса, кампир:
— Болам, ҳар нарсани уволи бор! Увол бўлмасин деб еб қўяман-да, - дермиш.
Уч бошли аждар бир-бири билан суҳбатлашмоқда:
— Негадир бошим оғрияпти...!? Кеча ичмагандим шекилли...!? – дебди биттаси.
Иккинчиси:
— Мен роса ичгандим. Ошқозонимиз битта-ку! - дермиш.
Анчагина семириб кетган қиз уйдагилардан унга озишга ёрдам беришларини сўрабди.
Эртаси куни уйғониб музлатгични ёнига келиб қараса, оқ қоғозга қуйидаги сўзлар ёзиб қўйилган экан:
“Семиз қиз – оиламиз учун шармандалик!”