Афанди ҳақида латифалар

Афанди икки оғайниси билан овга чиқибди. Буни қарангки уларнинг ёнига бир сеҳргар келиб:
— Тила тилагингни, агар бажо айласам, сени жонингни оламан, бажо айлай олмасам сенга битмас тугалмас хазина бераман, - дебди.
Шунда Афандининг биринчи оғайниси:
— Сувдаги балиқни олиб бер, - дебди.
Сеҳргар буни амалга оширибди ва унинг жонини олибди.
Навбат Афандининг иккинчи оғайнисига етиб келибди.
Иккинчи оғайниси:
— Учиб кетаётган қушни сўрабди.
Сеҳргар бу тилакни ҳам амалга оширибди ва унинг жонини олибди.
Навбат энди Афандига келганида, афанди нима дейишни билмай, ҳавони бузибди ва шундай дебди:
— Шу ҳавони менга тутиб бер, - дебди.
Сеҳргар бу тилакни бажо айлай олмабди ва хазинани Афандига топширибди.
Афандининг биров бир нарса сўраса, ўша заҳоти бермай, эртасига берадиган ғалати одати бор эди. Бир кун қўшниси:
— Бир ошлик туз бериб туринг,— деди.
— Туз йўқ эди-ку,— деб қайтарди-да, эртасига ўзи олиб чиқиб берди.
— Ие, бор экан-ку, нега кеча бера қолмай, бугун ўзингиз олиб чиқдингиз?
— Берадиган нарсамнинг қадри билинсин, дедим-да.
Бир куни афандининг тоғаси оламдан ўтиб қолган экан. Афанди раҳматли тоғасига қабр тош қилдириш учун мраморсозни олдига борибди. Мраморчи билан нархини ҳеч келиша олмабди
Афанди мрамор устасига:
— Келинг энди, сал келиштириб берин...! Доимий мижозингиз бўлиб қоламан, - дермиш.
Афанди чарчаб узоқ йўлдан келар эди. Йўлда отлиқ кетаётган маҳалла элликбошисига кўзи тушиб қолди ва ундан илтимос қилди:
— Тўнимни олиб кетмайсизми?
— Майли,— рози бўлди элликбоши,— қишлоққа боргач уни кимга бериб қўйишим керак?
— Тўнимнинг ўзи отдан тушиб, уйни топиб кетади.
— Масхарабозликни қўйинг, Афанди, ҳеч жаҳонда тўн ҳам уйини топиб кета оладими?
— Ахир, унинг ичида ўзим бўламан-да!— деди Афанди.
Пошшонинг ҳовлиқма вазири бор эди. Бир куни у мақтана бошлади:
— Дунёда мен ўқиб ўрганмаган илм-ҳунар, мен ечолмайдиган масала йўқ!
Бу гаплардан аччиғланган Афанди сўради:
— Шундай донишманд экансиз, бир савол берай, жавоб беринг?
— Марҳамат.
Афанди чўзиб ҳуштак чалди-да:
— Шунга тўртта тугма қадаб беринг,—деди.
Бир куни Афанди бозордан юк кўтариб келаётган экан, бир қўшниси уни кўриб:
— Э, қўшни мен ҳам бозорга кетаётган эдим, этмабсиз-де машинамда бирга бориб келардик, - дебди
Шунда Афанди:
— Ростанми? Яхши эттингиз, яна у бу нарсалар олишим керак эди, ҳозир чиқаман. Қўшни бор бўлинг, - деса Ҳалиги қўшни ичида:
— Қўқон маъзиратни ҳам билмайди бу галварс. Сен етмай турувдинг, - дермиш
Афанди янги уй қурдириш ниятида чиройли, баланд уйларга қараб юрган экан. Бир куни олдидан жудаям ҳашаматли уй чикибди. Бу уй афандига ёқиб, уйни қурган устани топмоқчи бўлиб турса, битта рус йигит ўтиб қолибди.
— Бу уйни ким қурганини билмайсанми?, - деса,
— Я незнаю, - дебди йигит.
Афанди эса бу "Я незнаю" деганлари устани исми деб ўйлабди. Уни қидириб кетаётса, олдидан яна битта чиройли уй чиқибди. Бу уй олдингисидан ҳам чиройли экан. Бу уйни қурган устага уйимни қурдираман, деган ҳаёлда турса, олдидан рус аёл чиқибди.
— Бу уйни ким қурганини билмайсизми?, - дебди афанди.
Аёл эса:
— Я незнаю, - деб жавоб қайтарибди.
— "Я незнаю" дегани ўйлаганимданам зўр экан. Бу устанинг уйини албатта топаман, - деб кетаверибди.
Бир пайт олдидан қабр чиқибди. Қабрнинг ёнгинасидан ўтиб кетаётган рус чолдан:
— Бу кимнинг қабри?, - сўрабди афанди.
Чол эса:
— Я незнаю, - дебди.
Афанди чолнинг жавобини эшитиб:
— Кеч қолибман-да, - деган экан.
Афанди кўчадан келаётган эди, икки болани учратди. Улардан бири йиғлаб Афандига арз қилди:
— Анави бола қулоғимни тишлаб олди.
— Йўқ, мен тишлаганим йўқ,— деди иккинчи бола,— ўз қулоғини ўзи тишлаб олди.
— Бекор айтибсан,— деди Афанди иккинчи болага — бу туямиди ўз қулоғини ўзи тишлайди.
Афанди хонга ғоз пишириб борар эди, йўлда корни очиб, бир оёғини еб қўйди. Хон уни олиб сўради:
— Бир оёғи қани?
— Бу йилги ғозларнинг ҳаммаси бир оёқли экан,— деди-да, Афанди сув бўйида бир оёғини кўтариб дам олиб турган ғозларни кўрсатди. Хон таёқни кўтариб пўписа қилган эди, ғозлар икки оёқлаб қочди.
— Ана, оёқлари иккита экан-ку,— деди хон. Афанди пинагини бузмай жавоб берди:
— Шу таёқ билан биров сизга ҳам ҳамла қилса, икки оёқ у ёқда турсин, тўрт оёқлаб қочар эдингиз.
Бир куни афандининг дарвозаси таққиллаб қолибди.
— Ким у?, - дебди афанди.
— Уй эгаси борми?, - сўрабди ташқаридаги одам.
— Газданмисиз ёки светданми?, - дебди яна афанди.
— Коллежданман!
— Коллежга-ям пул тўланадиган бўлдими?
— Йўқ, ўғлингизни ўқишга жўнатсангиз бўлди...