Жиноятчилар ҳақида латифалар

Жиноятчилар гуруҳи томонидан заҳарланган пуллар хайрия фондига топширилибди.
Нима учундир барча бошлиқлар ва назоратчилар заҳарланибдилар.
Муҳтожлардан бирортаси ҳам заҳарланмабди.
Қамоқхонада бир маҳбус иккинчисидан сўраяпти:
— Сен ўзи бу ерга қандан қилиб келиб қолгансан?
— Аксирганим учун келиб қолдим.
— Сени коронавирус бўлган деб ўйлашдими?
— Йўқ. Ўғриликка тушганимда аксириб, қоровулни ўйғотиб юборганман.
Автобусда:
— Холажон, сумкангиз очилиб қолибди.
— Вой болажоним раҳмат! Бошқа бир инсофсиз бўлганда ҳамёнимдаги пулларни ўғирлаб оларди.
— 100 минг сўм ҳам пул бўптими холажон?!
— Ўзимни кўча безориларидан ҳимоя қилиш учун қайси спорт тури билан шуғуллансам бўлади?
Самбо биланми ёки карате биланми?
— Югуриш билан шуғуллан!

Эр-хотин кўчада айланиб юришган экан, олдидан безорилар чиқибди:
— Қимматли нарсаларингни бер! - дебди безорилар.
Хотин эрига ёлворибди:
— Илтимос, мени бериб юборманг!
Эри:
— Жиннимисан?! Қимматли деяпти!

— Кечирасиз, шу яқин-атрофда милицияни кўрмадингизми?
— Йўқ, кўрмадим.
— Унда ҳамёнингни бер овсар!
Фирибгарлар пластик картамдаги пулларимни ўғирлаб олмасликлари учун ойлик маошимни бир кунда ишлатиб ташлаяпман. Ажаб бўпти ўғрилар!
— Сиз фирибгарликда айбланмоқдасиз! Мижозларингизга умрни узайтирадиган дорилар сотар эмишсиз... Бунинг учун аввал ҳам судланганмисиз?
— Ҳа, 1800, 1890 ва 1910 йилларда судланганман.
Маҳбус хотинидан хат олибди. Ўқиб чиққач, камерадошлари:
— Хотининг нима деб ёзибди? - деса, маҳбус:
— Э, ўғлим иккинчи йил ҳам бешинчи синфда қоладиган бўпти… Оиламизни шарманда қилибди ярамас! - дермиш.

— Дўстим, нега кўринмай кетдинг?
— Дўкон очгандим.
— Зўр-ку!
— Мени 2 йилга қамаб қўйишди.
— Нега? Дўконни ёмон йўл билан очдингми?
— Йўқ, лом билан очгандим.