Болалар ҳақида латифалар

Икки синфдош суҳбатлашмоқда:
— Нега сени отанг тушликка бунчалик кўп пул беради?
— Аслида адам бунча пул бермас эдилар. Улар мендан мактаб ошхонамизни телефон рақамини сўрагандилар, мен атайлаб кўчанинг нариги тарафидаги рестораннинг рақамини бердим. Адам ресторнга қўнғироқ қилиб, тушлик неча пул туришини сўрабдилар. Ўша кундан бери менга шунақа кўп пул берадиган бўлганлар.
Текширувчилар кириб келиб болаларга дебди:
— Хўш болажонлар, айтингларчи, боғча опангиз яхшими?
Болалар бир овоздан:
— Тўйиб кетдик, - дейишибди.
Ҳайрон бўлган текширувчилар:
— Боғча опангиз қанча овқатни ўзи билан уйга олиб кетади? – дейишса, болалар:
— Роса-ям кўп! – деб жавоб беришган экан.
Ота ўғлига дебди:
— Ўғлим, қўшни хонадан пайпоғимни олиб чиқгин.
Ўғли “Хўп” деб қўшни хонага кирса, опаси ўтирган экан.
Болани шўхлиги тутиб опасига дебди:
— Адам айтдилар-ки, қулоғингизни “бураб” қўяр эканман...
Опаси:
— Нима деяпсан? Тентакмисан?! Бўлиши мумкинмас!
Бола отаси томонга қараб бақарибди:
— Ада, ўнгиними ё чап тарафиними?
Ҳеч нарсадан бехабар отаси:
— Иккаласини ҳам! – дермиш.
Тез ёрдамга қўнғироқ. Аёл киши:
— Алло, тезоқ етиб келинг. Ўғлим суварак еб қўйди.
— Ҳечқиси йўқ! Кўнгли беҳузур бўлиб, чиқариб юборади.
— Мен ўғлимга “Суваракка қарши дори”ни ичирган эдим...
— Тез манзилни айтинг! Йўлга чиқяпмиз!
Бир христиан попи шаҳримизга меҳмон бўлиб келиб, ёшгина боладан черковнинг йўлини сўрабди. Бола попни черковга кузатиб қўйибди. Миннатдор поп дебди:
— Баракалла, ўғлим! Эртага ҳам шу ерга келсанг, сенга жаннатнинг йўлини кўрсатаман.
Бола жавоб берибди:
— Черковнинг йўлини билмаган одам, жаннатнинг йўлини қаердан билардингиз?!
Мактабда табиатшунослик фани ўқитувчиси ўқувчиларга дебди:
— Айтинглар-чи болалар, паррандалар бизларга нима беради? Сен айт-чи, Валижон...
— Тухум беради, устоз.
— Яна нима беради Мадина?
— Гўшт беради.
— Тўғри. Паррандалардан яна нима олсак бўлади, Олимжон?
— Билмайман устоз.
— Нега билмайсан!? Сени аданг ухлаганда бошига нима қўйиб ётади?
— Ёстиқ...
— Хўш? Ана шу ёстиқни қайчида кесиб, ичини очсак нимани кўрасан?
— Мен томонга калтак кўтариб келаётган адамни кўраман, устоз.
Техника олий ўқув юртига кирган 1-курс талабаси ўқишнинг илк куни биринчи пара дарсда ўтириб маъруза тингламоқда:
“Квант майдон назариясида зета тартибга солиш мураккаб ўзгарувчининг функцияси бўлган Риеманн зета функциясидан фойдаланиш...”
Талаба чўнтагидан қўл телефонини чиқариб, қўнғироқ қилиб паст овозда дебди:
“Ада, фикримдан қайтдим. Армияга борақолай...!”
Вақт алламаҳал бўлганда дарвозадан кириб келган ўғлига онаси дебди:
— Қаерларда юрибсан? Соат нечи бўлди?! Бор, юравер кўчада!
Бу гапни эшитган ўғли шу заҳоти чўнтагидан телефонини, кимгадир қўнғироқ қилиб:
— Алло, Алиш шўттамисила? Рухсат олдим. Ҳозир чиқаман, - дермиш.
Ўғли компьютер олдидан ҳеч кетмаётганини кўрган онаси ошхонада туриб унга дебди:
— Келақол ўғлим, овқат тайёр!
— Ҳозир ойижон, ҳозир.
Онаси яна унга:
— Келақол энди, овқатинг совиб қолади...
Ўғли ўрнидан туриб ошхонага кириб борса, онаси тезгина югуриб бориб, компьютер олдига ўтирибди-ю, хурсанд бўлиб ўзига-ўзи:
— Яна алданди, лақма! – дермиш.
— Ойижон сув олиб келинг.
— Бориб ўзинг олиб кела олмайсанми?!
— Ойи, сув деяпман!
— Ҳозир калтак ейсан! Тургин-да, ўзинг олиб келиб ич!
— Ойижон, калтакка борганингизда сув ҳам ола келинг...