Афанди ҳақида латифалар

Бир куни Афандининг чопонини ўғри олиб қочди. Афанди ўғрининг орқасидан қувламай тўғри қабристонга борди-да, бир очиқ гўр устида ўтирди. Бу воқеадан хабардор бир одам Афандига:
— Чопонингизни олган ўғри ҳу, у ёққа қочди, сиз бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?—деди.
— Қаёққа қочмасин, барибир ахир бир кун шу ерга келади,— деди Афанди.
Пошшо бир куни катта зиёфат берди. Унда Афанди ҳам бўлиб, ёнидаги киши билан қуюқ суҳбатлашар эди. Пошшо уни хижолат қилиш учун ёнига келиб:
— Ким билади, қандай ёлғонларни валақлаяпсан,— деди.
— Нима қилай, шоҳим,— жавоб берди Афанди,— лоф аралашмаса бўлмас экан, дўстимга сизнинг одиллигингиз ҳақида гапириб беряпман.
Афанди диссертация ёзар эди, ўғли «нима қиляпсиз?— деб сўради.
— Китоб ёзяпман,— деди Афанди.
— Унда нега бошқа китобдан кўчиряпсиз?
— Вой тентагей, шуни ҳам билмайсанми,— деди кулиб отаси,— одам одамдан туғилгандай, китоб ҳам китобдан пайдо бўлади-да!
Афандининг анжири пишган эди, бир саватга териб Пошшога олиб борди. Аммо қоровуллар уни анжирини тортиб олишди-да, ичкарига олиб кириб кетишди. Афанди дарвоза тагида қолди. Шу вақтда ясовуллар беш-ўнта бандини ҳайдаб келишаётган эди, уларнинг бири йўлда қочиб кетди, унинг ўрнига Афандини ҳам бандиларга қўшиб қоровулларга топширишди.
Афанди қанчалик доду фарёд қилиб ёпишмасин, фойда бермади, уни зиндонга ташладилар.
Кунлар, ойлар ўтса ҳам Афанди ҳамон зиндонда қолди.
Бир куни пошшо зиндонга кириб Афандидан нима сабабдан қамалганини сўраган эди, у бутун воқеани сўзлаб берди. Пошшо уни бўшатишга буюриб, сўради:
— Сенинг анжиринг менга жуда маъқул бўлган эди, тила тилагингни?
— Анжир эвазига шунча мукофот олдимки, бунинг устига яна бирор нарса сўрашга ҳам уяламан. Бир дона ўткир болта ҳадя қилсангиз, шунинг ўзи бас.
— Болтани нима қиласан?
— Боғимдаги анжирларни битта қўймай кесиб ташламоқчиман,— деди у.
Афанди умрида кўл кўрмаган экан. Ўртоқлари бир куни уни кўлга олиб боришди. Афанди сув тагидаги кўкатларни кўриб:
— Агар сув босмаганда, хўп мол боқадиган яйлов экан-да,— дермиш.
Афанди қариб қолган чоғида мевали дарахт кўчатларини ўтқазаётган эди, подшо келиб қолди.
— Ҳой чол,— деди подшо,— сен пири-фоний бўп қолибсан. Бу экаётган дарахтларингнинг мевасини ейман, деб ўйлаяпсанми?
— Ўтганларнинг экиб қолдирганларидан биз фойдаланяпмиз. Энди бизнинг экканларимиздан келгусидагилар фойдалансинлар, деб экаяпман.
Бу гап подшога ёқиб кетиб, «За» деворди. Унинг «За» дегани офарин дегани эди, подшо ҳар гал «За» деганида минг танга инъом берилиши шарт эди. Подшонинг ёнидаги хазиначи дарҳол Афандига минг танга санаб берди. Афанди қуллуқ қилиб:
— Мана кўрдингизми подшоҳим, меваларим ҳозироқ хосил берди,— деди.
Подшо янаям хурсанд бўлиб, «За» деди. Хазиначи яна минг танга санаб берди. Афандининг таъби очилиб кетди:
— Аслида мевали дарахтлар йилда бир марта ҳосил беради. Лекин подшохимнинг пойи-кадамлари шарофатидан икки марта ҳосил берди.
Подшога бу гап ҳам хуш келиб, яна «За» деворди. Хазиначи Афандига яна минг тангани санаб берди-да, секин подшонинг қулоғига шивирлади:
— Э подшоҳи олам, агар бу ердан тезроқ кетмасак, бу чол хазинангизни буткул, қурутади...
Афанди ариқ тепасидаги қил кўприкдан ўтаётган эди, кавушининг бир пойи ариққа тушиб, оқиб кетди. Афанди олиш учун шунча ҳаракат қилди, бўлмади, ноилож:
— Ўзи ҳам паст мато, тор, оёғимни ғажиб келаётган эди, заб иш бўлди-да, оқиб кетди,— деди.
Афандининг бу гапларини эшитган ҳамроҳи ажабланди:
— Аттанг, бежиримгина, янги кавуш экан, а!
— Ёмон дедим, ёмон,— деди тутақиб Афанди,— яхши бўлса, жуфтини ташлаб кетармиди!
Бир афанди мендака бошқа афанди йўқ бўлса керак деб ўйлаб турганида, ёнидан бир автобус афандилар ўтиб кетибди.
Афанди замоннинг зайли билан бошқа бир шаҳарга бориб қолди. У бозорни томоша қилиб юрган эди, ҳолвапурушнинг дўконида турган ҳар хил ҳолваларга кўзи тушиб қолди. Афандининг оғзидан суви келди-да, ҳолвалардан олиб, еяверди.
Буни кўрган ҳолвапуруш қўлига калтак олиб, уни савалай бошлади.
Афанди таёқнинг зарбини писанд қилмасдан, ҳолвани тўйгунча еди, кейин:
— Бу шаҳар хўп ажиб шаҳар экану, ҳолвапурушлари одамни уриб ҳолва едиргани ёмон экан, - деб кета берди.
Афандидан бир киши сўради:
— Афанди, киши кўрпада қандай ётса тинч ётади?
— Ҳар кимнинг таъби.
— Мен, қайси томонга ағдарилмай, ҳеч тинчимайман.
— Бўлмаса, гўрга киргунча сабр қил,— деди Афанди.