Афанди ҳақида латифалар

Афанди қозилик қилиб турганда, бир деҳқон билан дурадгор арзга келдилар. Ўз фойдасига ҳукм чиқаришини илтимос қилиб дурадгор Афандига эшик, деҳқон эса ҳўкиз пора берди. Афанди масалани кимнинг фойдасига ҳал қилиш ҳақида кўп ўйланиб, охири деҳқон фойдасига ҳукм чиқарди.
Бундан хафа бўлган дурадгор:
— Тақсир, бизнинг эшик нима бўлди? - деб сўради.
— Эшигингизни ҳўкиз сузиб синдириб қўйди, - жавоб берди Афанди.
Афандини эшаклари кўп экан. Уларни бештасини танлаб бозорга сотишга олиб кетибди. Йўлда чарчаб биттасига миниб олибди. Энди эшакларини санаб қараса тўртта экан. Афандини роса боши қотибди. Охири эшагидан тушиб йўқолган эшагини излай бошлабди. Излаб-излаб яна йўқолмадимикин деб эшакларини санаб кўрибди. Санаса бешта чиқибди.
Афанди бир ашулачининг овозини ҳеч ёқтирмас, у қаерда ашула айтса, секин туриб кетар эди. Бир куни Афанди кўчада кетаётса, ўша ашулачи бир бола билан келаётган экан. Афанди сўради:
— Бу бола кимингиз бўлади?
— Ўғлим,— деди ашулачи.
Афанди пешонасига уриб деди:
— Биз-ку, майли эди-я, энди бола-чақаларимизнинг ҳам шўри қурир экан-да!
Афанди хотини билан кетаётса, бир йигит чиройли қизни қўлини қаттиқ ушлаб олиб шеър ўқиб бераётган экан.
Афанди:
— Ҳой йигит, нима қиляпсан? Қўйиб юбор қизни қўлини! - деса, йигит:
— Машқ қиляпман. Уйлансам, хотинимни кўнглини олиш осон бўлсин деяпман.
Афандини хотини эрига қараб:
— Уйланмасдан аввал қўлингиз синганмиди?! - дермуш.
Пошшо бир куни Афандини койиди:
— Фалончига бир иш буюрсам, ҳамма вақт икки-уч ишни бирйўла бажариб келади. Сиз эса бирорта ишни ҳам тузукроқ бажариб келолмайсиз!
Иттифоқо бир куни пошшо касал бўлиб, табиб айтиб келишни Афандига буюрди.
Афанди бориб тўрт кишини бошлаб келди-да, пошшога таъзим қилиб, фахр билан деди:
— Камина қулингиз ҳам тўрт ишни бир йўла бажариб келди, мана!— Орқада турган одамларни кўрсатди.
— Мен сизни табибга юборган эдим, булар кимлар, нима иш қилишади?—сўради пошшо ғазабланиб.
— Тақсир, касалсиз, иссиқ жонга ишонч йўқ. Буларнинг бири — табиб, сизни даволайди, иккинчиси сол, борди-ю, ўлиб қолгудек бўлсангиз мурдангизни ювади, учинчиси — жанозангизни ўқийдиган имом, тўртинчи-си бўлса — гўрков,— деб жавоб берди Афанди.
Подшо бир куни Афандидан сўради:
— Афанди, менинг қадр-қимматим қанча бўлар экан?
Афанди ўйланиб туриб жавоб берди:
— Қадр-қимматингиз юз тилладан ошмайди. Подшонинг аччиғи келиб, ғазаб билан қичқирди:
— Нега менинг қадр-қимматимни бунчалик пастга урасан, белимдаги камаримнинг ўзи юз тилла-ку!
— Ўзингизни босинг, Подшо,— деди Афанди,— шунинг учун юз тилла дедим-да. Агар белингиздаги камар бўлмаса, ўзингиз бир чақага ҳам арзимайсиз.
Афанди бозордан тоғора олиб келаётган эди, йўлда биров дуч келиб:
— Қани, тақсир, тоғорани менга беринг, кўтаришиб кетай,— деди-да, Афандининг қўлидан тоғорасини олди.
Уйга етдилар. Афанди одамгарчилик юзасидан у кишини меҳмон қилиб жўнатди. Бироқ бу киши ҳар куни келиб, Афанди билан сўрашиб:
— Хўш, қалай, тоғора омонми?—деб сўрайдиган бўлиб қолди.
Ҳар гал келганида, Афанди уни ҳоли-қудрат меҳмон қилиб жўнатарди. Бу ҳолнинг узлуксиз давом этишидан Афанди жуда зерикди.
Кунларнинг бирида, у киши яна келиб, эшик қоққан эди, Афанди тоғорани кўтариб чиқди. У ҳам сўрашиб бўлгач:
— Ҳа, қалай, тоғора омонми?—деб сўраган эди. Афанди тоғорани ерга ташлаб юборди. У ерга тушиб синди.
— Ҳа, тоғора шу дамгача омон эди, ҳозир кўз олдингизда жон берди,— деб Афанди уйга кириб кетди.
Афандининг бир камсут, қисир қолган, сузонғич сигири бор эди. Уни етаклаб бозорга сотгани олиб борди. Афанди бозорда туриб харидор чақирар эди:
— Бир қошиқ сути бор, холос, қисир қолган, орқадан келганни тепади, олдидан келганни сузади, ким олса пулига куяди!
У кечгача шу хилда жавраб турди, бирорта харидор Афандининг ёнига йўламади. Афандининг ростгўй, соддалигидан ҳайрон бўлган бир даллол келиб сигирни сотиб бермоқчи бўлди-да; сигирни мақтай кетди.
— Кунда тўрт товоқ сут беради, қорнида тўққиз ойлик боласи бор, эрта-индин туғади, қўйдан ҳам ювош, кимки олса фойда қилиб, пулидан барака топади.
Даллолнинг сўзини эшитиб, харидорлар кела бошлади. Афанди сигирни даллолнинг қўлидан олиб:
— Сигиримда бундай хислатлар бор экан, сотиб нима қиламан,— деди-да, етаклаб бозордан чиқиб кетди.
Афандини қозилик лавозимига қўймоқчи бўлдилар. Уни олдин подшо уламолар ўртасида имтиҳон қилиб кўриш керак эди. Афандини чақириб келишди.
— Фараз қилайлик, бир одамнинг эчкиси бор,— деди подшо Афандига,— уни бозорга олиб борди. Бир одамга «бор барака топ» қилиб сотди. Ҳали пулини олгунча бўлмай, эчки қўлидан чиқиб қочди. Бир одам уни ушлайман деган эди, эчки сузиб, унинг кўзини чиқарди. Энди бунга пулни ким тўлайди? Сотувчими, олувчими?
Афанди довдираб қолди. Кейин таваккалига:
— Сотувчи...— деб юборди.
— Сабаб?
— Чунки «эчким сузоғич, қочганда тутаман деган кишининг кўзини чиқазиб кўр қилади»— деб аввалдан айбини айтмаган.
Бир куни ширингина Латифа, ойисидан сўрабди:
— Ойижон нимага мени исмимни Латифа қўйгансиз? - деса
Афанди дадаси:
— Ойинг Табассумхон, мен Афанди бўлганимдан кейин, сен ҳам Латифа бўласанде қизим, — дермиш