Беморлар ҳақида латифалар

Доктор:
— Мен сизга ҳозир дори ёзиб бераман. Бир кунда 5 маҳал овқатдан кейин ичасиз.
Бемор:
— Доктор, мен бунча овқатни қаердан топаман?
Касалхонада ўлим тўшагида ётган беморни врач тинчлантирмоқда:
— Юрагингиз бир маромда урмоқда, қон босимингиз жойида, тана ҳароратингиз ҳам меъёрда, ...
Бемор умидсизлик билан дебди:
— Доктор, демак мен соғ-саломат ҳолда ўляпманми?
Беморга врач дори ёзиб берибди-да, дебди:
— Бу дориларни бир ой ичасиз. Ўттиз кундан кейин ичиб бўлгач яна кўришамиз.
Бемор уйга боргач:
— Тўхта! Бу ой 31 кун-ку ахир!!! - дермиш боши қотиб!
Бир кишини қулоғи оғриб, врачга борибди. Врач беморни қулоғини текшириб кўриб дебди:
— Бўлмайди! Кесиб ташлаймиз!
У одамни жаҳли чиқиб, бошқа врачга борибди.
Бошқа врач қулоғни кўриб шундай дебди:
— Мен сизга дори ёзиб бераман. Бир ҳафта ичасиз.
Бу гапни эшитган бемор хурсанд бўлиб:
— Бўларкан-ку! Нариги врач кесиб ташламоқчи эди, аҳмоқ... – деса, врач:
— Кесишни хожати йўқ! Шу дорини ичсангиз, ўзи узилиб тушиб кетади, - деган экан.
Қари онахон оёқ оғриғидан врачга шикоят қилиб келибди. Врач:
— Ёшингиз саксондан ошган бўлса, оғрийди-да оёғингиз...! - деса, онахон жаҳли чиқиб:
— Чап оёғим ҳам саксондан ошган-ку, нега униси оғримайди, ҳадеб ўнг оёғим оғрийверади?! - дермиш.
Икки дугона гаплашяпти:
— Э дугонажон, анчадан бери тобим йўқ. Жуда мазам қочяпти-да. Ўтиб кетармикин-а?
— Ўтиб кетади. Ўтган йили ён қўшним ҳудди сизга ўхшаб юрган эди. Ўтиб кетди раҳматли.
Стоматолог хузурида.
— Доктор, шунақанги қўрқяпман-ки, ҳатто билмаяпман, тиш олдириш қўрқинчликми ёки бола туғиш!!!???
— Гўзал қиз тезроқ ҳал этинг, креслони шунга қараб жойлаштираман!
— Врач менга саримсоқли парҳез буюрди.
— Хўш, нечи кило йўқотдинг?
— Нечи кило эмас, нечта дўстингни йўқотдинг деб сўрагин...
Битта кўр билан битта ғилай бўлган экан. Кунларни бирида улар уришиб қолибди. Кўр қўлини мушт қилиб:
— Қаердасан? Чиқ бу ёққа! – деса, ғилай:
— Ҳа?! Бир ўзимга икковинг уришасанми?! – дебди.
— Доктор, хотирам чатоқ бўлиб қолди.
— Қачондан бери?
— Нима қачондан бери?
— Хотирангиз?
— Қанақа хотира?